Об-ҳаво Янги йил арафасида Тошкент ва яқин шаҳарлар аэропортлари фаолиятига айрим ўзгартиришлар киритилишига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясининг Тель-Авив (HY-304 рейси), Бишкек (HY-778) ва Париждан (HY-252) учиб келган самолётлари эрта тонгда туман сабабли Тошкентга қўна олмади ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги захира аэропортларига юборилди.

Санкт-Петербург (HY-632), Милан (HY-256) ва Лондон (HY-202) рейслари, шунингдек, «Турк авиалинияси"нинг Истанбулдан учган рейси (TK-368) ҳавонинг яхшиланишини кутган ҳолда осмонда бир неча маротаба ҳалқа ҳосил қилган ҳолда учиб, кейингина пойтахтга қўна олди.

Кечаси Душанбеда кўриш ёмонлашгани сабабли Тожикистон пойтахтига учган Россиянинг Utair компаниясига тегишли икки самолёт ҳам Тошкентда қабул қилиб олинди. Дубайдан ҳавога кўтарилган FlyDubai рейси (FZ-777) эса ортга, аэропортга қайтиб кетишга мажбур бўлди.