8−11 декабрь кунлари Ригада (Латвия) бокс бўйича 67-Riga Open халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда Швеция, Норвегия, Исроил, Арманистон, Россия, Украина, Беларусь, Литва, Эстония, Латвия ва Ўзбекистондан 140 нафар спортчи иштирок этди, дея хабар бермоқда Бокс федерацияси.

Мусобақа якунларига кўра, беш боксчи билан қатнашган миллий жамоа тўрт олтин ва бир кумуш медални қўлга киритди.

Финалда Элнур Абдураимов (64 кг гача вазн тоифасида) россиялик Анатолий Жирновни, Абдулхай Шараҳматов (56 кг гача) Латвия вакили Никита Андрошукни, Маҳмуд Ғоипов (75 кг гача) беларуслик Иляс Адинаевни, Баҳодир Жалолов эса (+91 кг) латвиялик рақиби Эвандер Сервутни мағлуб этиб, мусобақанинг олтин медалларига сазовор бўлди.

Сироджиддин Ғуломжонов (52 кг гача) сўнгги босқичда Исроил вакили Давид Алавердяндан мағлуб бўлиб, кумуш медал билан чекланди.

Ўзбекистонлик Элнур Абдураимов мусобақанинг энг яхши боксчиси мақомига сазовор бўлди.