Тошкент давлат стоматология институтининг Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Нукусдаги филиаллари тугатилади. Улар ўрнига Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтлари, шунингдек, Тошкент педиатрия институтининг Нукус филиалида стоматология факультетлари очилади. Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчининг 21 ноябрдаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор стоматология соҳасида юқори малакали тиббиёт кадрлари тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, бўлажак стоматолог-мутахассисларни назарий тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда улар томонидан амалий кўникмаларнинг эгалланиши мақсадида қабул қилинди.

Тўртта филиалда таҳсил олаётган талабалар таълим шакли (давлат гранти ёки тўлов-контранкт асосида ўқиш) сақланган ҳолда янги факультетларга ўтказилади.

Тошкент давлат стоматология институти 2014 йилда Тошкент тиббиёт академияси стоматология факультети базасида ташкил этилган.