Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчининг 17 ноябрдаги қарори билан қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга механизациялашган хизматларни кўрсатиш бўйича «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ ташкил этилади. Бу ҳақда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази хабар қилди.

Холдинг таркибига бир қатор компаниялар, жумладан, дастлабки устав капитали давлат улуши ҳисобига шакллантириладиган қишлоқ хўжалиги фаолиятини ишлаб чиқаришни ташкил этишга ихтисослашган «Ўзагротехмаш» АЖ (ҳозирги — «Ўзагросаноатмашхолдинг»), қишлоқ хўжалиги техникаларини лизингга етказиб беришга ихтисослашган «Ўзагролизинг» (ҳозирги — «Ўзқишлоҳхўжаликмашлизинг») АЖ, қишлоқ хўжалик техникаларига сервис хизматини кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига механизациялашган хизматларни кўрсатишга ихтисослашган «Ўзагросервис» АЖ («Ўзагромашсервис» ассоциацияси базасида ташкил этилади) киритилади.

«Ўзагротехсаноатхолдинг» тузилмасида қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Ўзагросервис» қошида эса Қишлоқ хўжалик техникаларига сервис хизматини кўрсатишни ташкил этишни ривожлантириш, реконструкция ва модернизация қилиш жамғармаси ташкил этилади.

Қўшимча равишда «Агробанк» АКБ устав капиталини босқичма-босқич 250 млрд сўмга кўпайтириш (2017−2019 йилларда). Бу жараён акционерлар ва қўшимча инвесторлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Келгусида ресурслар қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашга йўналтирилади.

«Ўзагротехсаноатхолдинг», «Ўзагротехмаш» ва «Ўзагросервис» стратегик хом ашё ишлаб чиқариш ва дастлабки қайта ишлаш, табиий монополиялар ҳамда назорат қилинувчи нархлардаги ижтимоий аҳамиятга молик маҳсулотлар ва хизматлар ва етказиб бериш субъектлари соҳасида фаолият кўрсатувчи АЖлар рўйхатига киритилди. Шундай қилиб, улардан устав капиталининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда хорижий инвестицияни жалб қилиш талаб этилмайди.