39 минг нафардан зиёд кўзи ожиз Ўзбекистон фуқаролари 4 декабрь куни Президент сайловида иштирок этади. Кўрлар жамияти вакиллари шу кунларда улар ўртасида рельеф-нуқтали Брайль алифбоси туширилган бюллетенлардан фойдаланган ҳолда овоз бериш имконияти тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

«Илгари ҳам кўзи ожизлар сайловларда иштирок этар эди. Ўзимдан қиёс: ўғлим билан участкага борардим. Номзодлар ҳақидаги маълумотни ўқиб берарди. Маъқулини айтардим. Белгилаб қўярди. Энди ўзимиз ўқиб, ўзимиз белгилаш имконига эга бўлдик», — деди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси Абдуқаюм Абдунабиев ЎзА билан суҳбатда.

«Бу юртимизда мазкур сиёсий жараён адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя қилиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишларнинг амалдаги ифодасидир», — қайд этди у.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун мўлжалланган сайлов бюллетенлари тайёрланмоқда. Кўзи ожиз фуқароларга брайль алифбосида сайлов мавзуси бўйича турли рисолалар ҳам чоп этилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, брайль алифбоси асосидаги сайлов бюллетенлари зарур миқдорда ўзбек ва рус тилларида нашр қилинмоқда. Бўртма нуқтали шрифтлардан иборат бюллетенни тайёрлашда Тошкент қоғоз фабрикасининг матбаа офсет қоғозидан фойдаланилмоқда ва кўзи ожизлар босмахонасида чоп этилмоқда.

Бюллетенда Ўзбекистон Президентлигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар берилган, унинг ўнг томонида бўш квадратларда чегаралари рельефли-нуқтали бўртмалар орқали жойлаштирилган.