2016−2017 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 660 минг тонналик захирасини яратиш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси раиси Зафар Файзиев ЎзАга маълум қилди.

«175 минг тонна картошка, 139 минг тонна пиёз, 46 минг тонна бошқа сабзавотлар, 105,8 минг тонна мева шулар сирасидан», — деди у.

Зафар Файзиевнинг сўзларига кўра, сўнгги олти йил ичида умумий сиғими 68 минг тоннага тенг бўлган 50 дан зиёд совутгичли камералар фойдаланишга топширилиб, уларнинг умумий ҳажми 98,5 минг тоннага етказилди. 2020 йилгача 325 минг тонналик совутгичли замонавий омборхоналар ишга туширилиши режалаштирилган.

Мамлакатнинг барча ҳудудида махсус омборлар қурилиб, маҳсулотларни сақлаш технологияси такомиллаштирилаётгани сақланадиган мева-сабзавотлар тури ва ҳажми ошишида муҳим омил бўлмоқда.

Маҳсулотларнинг ички бозордан ортгани экспортга чиқарилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида карам, гилос, помидор, бодринг, сабзи, кўкат, қуритилган мева каби маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Хитой ва бошқа давлатлардаги буюртмачиларга етказиб берилди.