2016 йил 9 ойи якунлари бўйича Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7,8 фоизни ташкил этди, дея хабар қилинди 13 октябрь куни Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида.

ЎзА хабарига кўра, январь-сентябрь ойларида саноат ўсиши 7,2 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми ўсиши 15 фоизни, чакана савдо айланмаси ўсиши 14,2 фоизни, хизматлар кўрсатиш ҳажми ўсиши 12,4 фоизни ташкил этди.

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Ўтган 9 ойда ўртача ойлик иш ҳақи 12,6 фоизга ошган, жорий йил 1 октябрдан эса бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар яна 15 фоизга оширилди.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури учун барча манбалар ҳисобидан 6,8 триллион сўмдан ортиқ ва 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилди.

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми — 9,4 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар — 11,2 фоизга ўсди.

Йил бошидан буён 2016 йилги Инвестиция дастури доирасида 100 та йирик ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди. Йил охиригача 64 та йирик ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топшириш мўлжалланган.