Бразилияда давом этаётган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг 7- куни Ўзбекистон вакиллари 30- медални қўлга киритди, дея хабар қилди Миллий паралимпия қўмитаси «Газета.uz"га.

Александр Свечников 65 м 69 см масофага найзани отиб, Паралимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди ва Паралимпия рекордини янгилади.

Ядро улоқтириш мусобақаларида София Бурханова 15 м 5 см натижа билан мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди.

Хусниддин Норбеков ядро улоқтириш мусобақасида бронза медалларини қўлга киритди — 15 м 17 см (шахсий рекорд).

50 метрга эркин сузиш бўйича Одилова Муслима кумуш, Шоҳсанамхон Тошпўлатова бронза медалига эга чиққан бўлса, худди шунча масофада Музаффар Турсунхўжаев «бронза"га лойиқ топилди.

Бир кун аввал, Паралимпиада ўйинларининг олтинчи куни эса Ўзбекистон енгил атлетикачилари Миран Сахатов, Жалолиддин Ҳамроқулов,Мансур Абдурашидов, Дониёр Салиев ва Фаҳриддин Ҳамроев 4×100 м эстафетасининг бронза медалларини қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон номидан 5 спорт турида 32 спортчи иштирок этмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон жамоаси 30 медал (7та олтин, 6 кумуш ва 17 бронза) билан умумжамоа ҳисобида 12-ўринни банд этиб турибди (медаллар сони бўйича — 9-ўринда).

Медаллар сони бўйича кучли учликдан энг кўп спортчилар билан иштирок этаётган давлатлар — Хитой (172 медал, 327 иштирокчи), Буюк Британия (95, 260) ва Украина (81, 171) жой эгаллаган.