2015 йил ва 2016 йилнинг 6 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат ва бошқа давлат органлари ходимлари томонидан содир этилган 12 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу муддат давомида 1200 дан ортиқ мансабдор шахслар маъмурий ёки интизомий жавобгарликка тортилди, 250 дан ортиқ жиноят иши қўзғатилди. Бунинг натижасида 9350 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Бош прокуратура томонидан ташкил этилган минг нафардан зиёд тадбиркорлар иштирокидаги видеоконференцияда прокуратура органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълум қилинди.

Маросимда таъкидланганидек, Бош прокуратурада Мурожаатларни туну кун телефон орқали қабул қилиш маркази ташкил этилган бўлиб, 34 та вазирлик ва идора билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилган. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан электрон назорат тизими жорий қилинган.

Марказнинг ўтган даврдаги фаолияти давомида қабул қилинган мурожаатларнинг 64 мингдан ортиғи ҳал этилиб, натижаси бўйича 330 та ноқонуний қарорга нисбатан протестлар келтирилди, қонунбузилишлар ва уларнинг сабабларини бартараф этиш ҳақида 364 та тақдимнома ҳамда судларга 23,4 млрд. сўмни ундириш юзасидан даъво аризалар киритилди. Қонунбузилишларга йўл қўйган 886 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 402 та жиноят иши қўзғатилди.