11 апрель куни Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида содир бўлган ёнғин юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Дастлабки текширувда мазкур музейнинг иккинчи қаватида ёнғин келиб чиқиши оқибатида музей экспозициясида намойишга қўйилган XIX асрга оид масжид эшиги ҳамда қадимий милтиқнинг қўндоғи ёниб зарарлангани аниқланган.

Мутахассислар иштирокида текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Натижаси юзасидан қонуний қарор қабул қилиниб, қўшимча равишда маълумот берилади, дейилади БП хабарида.

Аввалроқ тармоқларда музейда ёнғин юз бергани, бу жамоатчиликдан сир тутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳолатни тасдиқлаган музей раҳбари Хайрулло Зокировнинг айтишича, ёнғин эскирган электр симларининг қисқа туташуви ортидан келиб чиққан.