16 апрель куни Россия ҳудудида қонуний вакиллари (ота-оналари) бўлмаган ва ёрдамга муҳтож болалар Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Элчихона Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари билан биргаликда 17 нафар вояга етмаган болани ватанга қайтаришда ёрдам кўрсатди. Элчихона томонидан уларга қайтиш учун бепул сертификатлар берилди.

Қайтарилган барча болалар яқин қариндошларига ёки мамлакатдаги махсус болалар муассасаларига васийлик қилиш учун топширилади, дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик муассасалари васийлари ҳамроҳлигида бўлмаган болаларни ҳисобга олиши ва уларни қайтариш чораларини кўриши хабар қилинганди. Уларни қайтариш масалалари Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари асосида ҳал этилади.

2022 йилда чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган 43 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган.