2022 йилда чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган 43 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда 7 март куни АОКАда ўтказилган брифингда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова маълум қилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган болаларни Ўзбекистонга қайтаришда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик қилинган. Хусусан, бир йил давомида Россиядан жами 37 нафар, Қозоғистондан 4 нафар, Туркиядан 2 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган.

Шунингдек, йил давомида Россия ва Қозоғистон Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари томонидан 15 та мурожаат қабул қилиниб, барчаси ижобий ҳал этилган.

Таъкидаланишича, Ўзбекистоннинг болалар ва аёлларни низоли ҳудудлардан олиб келиш ва уларни жамиятга мослаштириш тажрибасини ўрганиш мақсадида мамлакатга Қирғизистон, Турманистон, Мальдив давлатларининг делегациялари ташриф буюрган.

2021−2022 йилларда жами ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мўлжалланган 21 та болалар муассасаси фаолияти тугатилган. Ҳозирда республика бўйича 139 та оилавий болалар уйи ташкил этилган, уларда 822 нафар бола тарбияланмоқда.