Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев оиладаги зўравонликка қарши курашга қаратилган «Аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Закон.kz» президент матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

Қонун аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Нашрнинг таъкидлашича, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шакли учун жавобгарликни кучайтирувчи нормалар жорий этилмоқда.

Хусусан, қонунда қасддан баданга енгил шикаст етказиш ва калтаклаш (илгари бунинг учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган) учун жиноий жавобгарлик киритилган. Соғликка ва танага енгил зарар етказганлик учун жарима, жамоат ишлари ва қамоқ шаклидаги жазолар назарда тутилган. Соғликка енгил зарар етказиш учун 50 суткагача, калтаклаш учун эса 25 суткагача қамоқ жорий этилмоқда. Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Игор Лепеха таъкидлашича, айбдорлар тергов изоляторида сақланади.

Бундан ташқари, қонунда болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик ва шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ ишлар бўйича, шунингдек, калтаклаш ҳамда соғликка енгил зарар етказиш тўғрисидаги моддаларда назарда тутилган ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этилган ҳолларда томонларнинг ярашуви имконияти истисно қилинади.

Шунингдек, қонунда оиладаги зўравонлик жабрланувчиларига махсус ижтимоий хизматлар кўрсатишга мўлжалланган қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, қонун 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жиноий жавобгарликни жорий қилди. Вояга етмаганларга нисбатан буллинг, кибербуллинг кабилар учун илк бор маъмурий жазо киритилди.

Парламент қуйи палатаси 28 февралда қонунни қабул қилганди, Сенат эса 11 апрелда қонунни маъқуллади.

Tengrinews.kz. нашрининг аниқлик киритишича, 2023 йилда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига оилавий зўравонлик юзасидан 99 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган, 69 нафар аёл ва 7 нафар бола унинг оқибатида ҳалок бўлган.

Маълумот ўрнида, Қозоғистонда турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдиришда айбланаётган собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев устидан суд жараёни давом этмоқда. Жараён оммавий тарзда ўтказилиб, матбуотда кенг ёритилмоқда. Бишимбаев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 11 апрелда «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган ва Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар оиладаги зўравонликни назарда тутувчи моддалар билан тўлдирилган.