2 май куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, таниқли киноактёр Машраб Кимсанов 69 ёшида, узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси хабар қилди.

Маълумот учун, Машраб Кимсанов «Водиллик келин», «Оловли йўллар», «Отамдан қолган далалар», «Масхарабоз», «Умид», «Зебузар», «Ҳаёт мамот», «Ҳақиқий эркаклар ови», «Сеҳрли қалпоқча», «Онагинам орзуси» каби кўплаб фильмларда эсда қоларли ролларни ижро этган. Шунингдек, ижодкор «Тоғлик куёв» фильмининг постановкачи режиссёри ҳисобланади.

Кимсанов 1955 йил 17 августда туғилган. 1976−1979 йилларда — «Ўзбекфильм» киностудиясида режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаган. 1983 йилда ВГИК актёрлик факультетини тамомлаган. 1983−1986 йилларда «Ўзбекфильм» киностудиясида, 1986 йилдан «Ўзбекфильм» киностудияси қошидаги экспериментал киноактёрлар театр-студиясида актёр бўлиб ишлаган.

1999 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олган.