Yandex компанияси Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари учун янги дастурлаш мактабларини очади, информатика ўқитувчилари учун махсус курсларни йўлга қўяди ва уларга ўқув материалларидан фойдаланиш имконини беради. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Дастурнинг биринчи босқичида Yandex Ўзбекистонда болалар учун дастурлаш мактабларини ишга туширади. Шундай мактаблардан бири Тошкентда аллақачон фаолият юритмоқда, яна икки мактаб эса 2024 йил кузида яна икки шаҳарда ишга туширилиши режалаштирилган. Дастурлаш мактаблари асосан дастурлаш бўйича асосий билимларга эга ва IT соҳасига қизиқувчилар — технология соҳасида касбий фаолият юритишни ёки олий таълим муассасаларига киришни режалаштирганлар учун мўлжалланган.

Дастурнинг иккинчи қисми Ўзбекистон информатика ўқитувчиларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади. Улар учун Yandex бепул дастурлаш курсларини очади ва замонавий ўқитиш усуллари билан таништиради. Бундай курсларда 700 нафаргача фойдаланувчи қатнашиши мумкин.

Шунингдек, ўқитувчилар «Яндекс Задачник»ка кириш имкониятига эга бўлади — бу Python бўйича бепул ўқув материаллари бўлиб, уларни мактабдаги информатика дарсларига интеграция қилиш мумкин. «Яндекс Задачник» ёрдамида ўқитувчилар дарсларга тезроқ тайёргарлик кўриши мумкин, бу билан ўқувчилар замонавий билимларни тезроқ ва самаралироқ ўзлаштиради. Тайёрланган материаллар замонавий рақамли дунёда фойдали бўладиган дастурлашнинг асослари билан танишишга қаратилган.

«Бизнинг дастуримиз шундай комплекс ечим яратишга қаратилганки, у мактаб босқичида дастурлаш бўйича умумий таълим даражасини оширишга, шунингдек, дастурлаш мактабларида махсус таълимни барча учун янада қулайроқ қилишга ёрдам беради,» — дейди Yandex Taxi компаниясининг МДҲ бўйича ривожланиш директори, дастур ҳомийси Кирилл Свинцов.

Компания дастур лойиҳаларини йил охиригача ишга туширишни режалаштирган.

Аввалроқ Yandex ўқувчилар учун ижтимоий муаммоларни ҳал этишда технологиялардан фойдаланиш бўйича ўзбек ва рус тилларида маърузалар тинглаш имконини тақдим этганди. Компания ходимлари иловадан ногиронлиги бўлганлар қандай фойдаланиши, AI ижтимоий ва экологик лойиҳаларда қандай ёрдам беришини сўзлаб беради.