Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси халқаро қидирувда бўлган божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Идора хабарида айтилишича, собиқ амалдор 25 март куни Озарбайжон махсус хизматлари кўмагида Бокуда қўлга олинган. У билан бирга унинг уч ака-укаси ҳам ҳибсга олинган ва Бишкекка олиб кетилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 53 ёшли Матраимов ноқонуний қамоққа олиш ва жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича судланувчи ҳисобланади. «Ҳозирда жиноят иши материаллари доирасида тезкор тергов тадбирлари давом этмоқда», — дея аниқлик киритилади хабарда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, шунингдек, Матраимов ўтган йилнинг октябрь ойида ҳибсга олиниши чоғида ўлдирилган «қонундаги ўғри» Қамчи Кўлбоев билан «яқин алоқада бўлгани» ва «божхона хизмати ходимлари ҳамда ҳукумат амалдорлари орасидан жиноий гуруҳ тузган»ини даъво қилмоқда.

  • Райимбек Матраимов 2015—2017 йилларда Қирғизистон божхона хизмати раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. Собиқ амалдор коррупцион схемалар бўйича журналистик текширувларда бир неча бор қатнашган. 2020 йилда Матраимов коррупцияда айбланиб ҳибсга олинганди. У ўшанда давлатга етказилган 2 миллиард сўм зарарни қоплашга рози бўлган ва қамоқ жазосидан қутулиб қолганди.
  • Январь ойи охирида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Матраимовни мансаб жинояти аломатлари бўлмаган ҳолда шахснинг ҳаракатланиш эркинлигини мажбуран чеклашда иштирок этганликда гумон қилиб, қидирувга берганди. Матраимовнинг 34 миллион долларлик мулки давлат ҳисобига ўтказилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари уни «коррупциянинг классик намунаси» деб атаган.
  • Жиноят бошлиғи Қамчи Кўлбоев 4 октябрь куни Бишкек марказида ўтказилган махсус операция чоғида ўлдирилган. АҚШ Кўлбоевни «Қирғизистондаги энг нуфузли жиноий гуруҳ раҳбари» деб атаган ва уни дунёдаги энг йирик гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар рўйхатига киритган.
  • Бир неча ой ўтгач, Қирғизистон давлат идораларида, жумладан, Ички ишлар вазирлиги ва божхона хизматида оммавий тозалаш бўлиб ўтди — Қўлбоев ва Матраимов билан алоқаси учун 180 дан ортиқ ходим ишдан бўшатилди.