Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари «Газета.uz»нинг вилоят ҳокимликлари етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қўлловчи «Меҳр дафтари» жамғармаси ҳисобидан электр ва гибрид автомобиллар харид қилгани ҳақидаги материалига изоҳ берди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқовнинг айтишича, давлат харидлари порталида маълумотларни кўрсатишда техник хатолик юз берган бўлиши мумкин.

«Вилоят ҳокимлиги харид қилган гибрид транспорт воситалари президентимизнинг 2022 йил 19 декабрдаги (ПҚ-443) қарори асосида халқ депутатлари вилоят кенгашининг 2024 йил 16 февралдаги К/24-сонли қарори қабул қилиниб, унга асосан маҳаллий бюджетнинг 2024 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан харид қилинган (расмларда). Яъни автомобиллар хариди учун „Меҳр дафтари“ жамғармасидан маблағ ўтказилмаган», — деб ёзди у.

Аҳрор Содиқовнинг қўшимча қилишича, автотранспорт воситалари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 258-сон қарорида белгиланган меъёрлар асосида харид қилинган.

«Ҳозирда серверда нега „Меҳр дафтари“ жамғармаси кўрсатилаётгани сабаблари ўрганилмоқда», — деди у.

Бошқа давлат идоралари ҳам «Газета.uz»га эҳтимолий техник хато ҳақида хабар берди. Биз вазиятни ўрганишда давом этамиз.

Таъкидлаш керакки, турли ҳокимликларнинг давлат харидлари лотларидаги буюртмачилар қисмида «Меҳр дафтари» жамғармасининг номи турлича кўрсатилган:

  • Қашқадарё вилояти ҳокимлиги меҳр дафтари;
  • Сурхондарё вилояти ҳузуридаги Меҳр дафтарига етим болаларни қўллаб- қувватлаш жамғармаси;
  • Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Меҳр дафтари жамғармаси (Жиззах вилояти);
  • Меҳр дафтари жамғармаси (Бухоро).

«Газета.uz» хабар чиқишидан аввал Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бу ҳақда маълум қилди, бироқ ҳозирча изоҳ олгани йўқ.

23:20 да тўлдириш:

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан ҳам муносабат эълон қилинди. Унда ҳам «Меҳр дафтари» жамғармаси маблағлари электромобиль сотиб олиш учун ишлатилгани рад этилади.

Улар давлат харидлари порталида маълумотларнинг нотўғри кўрсатилишини сайтдаги камчилик билан боғлади ва тез орада камчилик тўғриланишига умид билдирди.

Хабарда таъкидланишича, Бухоро вилояти ҳокимининг 14 декабрдаги фармойиши билан China Group компаниясидан маҳаллий бюджет заҳира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонуний талаблар асосида 1 дона BYD Song Plus Champion электромобили харид қилинган. Хабарда айтилишича, бунда «Меҳр дафтарчаси» маблағларидан фойдаланилмаган. Ҳокимлик ҳужжатлар нусхаларини илова қилди.

Давлат харидлари порталида вилоят ҳокимлигининг СТИР (солиқ тўловчининг идентификация рақами) орқали қидирув берилганда «Меҳр дафтари» жамғармаси номи остида жойлаштирилгани маълум бўлди, бу «электрон порталда техник хатоликлар мавжудлигини кўрсатмоқда», — дея таъкидлади ташкилот. Вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманлари ҳокимликларининг СТИРни қидиришда ҳам худди шундай камчилик кузатилмоқда, дея қўшимча қилди ҳокимлик.