Бишкекда Қирғизистондаги таниқли криминал авторитет Камчи Колбаев (Қамчибек Асанбек) махсус операция давомида ўлдирилди, дея хабар қилди 24.kg мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) таяниб.

Махсус операция 4 октябрь куни тушдан кейин шаҳар марказидаги ресторанлардан бирида ўтказилди. МХДҚ маълумотларига кўра, Колбаев қуролли қаршилик кўрсатган ва жавоб ўқидан ўлдирилган.

«Шифокорлар К. Асанбекнинг ўқ жароҳатларидан воқеа жойида вафот этганини тасдиқлади, МХДҚ ходимлари ва фуқаролар орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ», — дея аниқлик киритди идора.

Воқеа юзасидан МХДҚ томонидан «Уюшган жиноий гуруҳ тузиш», «Қонунга хилоф қурол-яроғ муомаласи» ва «Одам ўлдиришга уриниш» моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

МХДҚ баёнотига кўра, Колбаевни «тадбиркорларнинг ўта йирик миқдордаги мол-мулкларига ноқонуний эга чиқиш фактлари бўйича уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари ва етакчилари»га нисбатан жиноят ишини тергов қилиш доирасида қўлга олишга ҳаракат қилишган.

Қирғизистон МХДҚ 2020 йил октябрь ойида Колбаевни жиноий гуруҳ тузишда гумонлаб ҳибсга олган, бироқ кейинроқ тилхат билан билан қўйиб юборилган. 2023 йил августида тергов даъво муддати тугагани сабабли ёпилгани маълум бўлди.

Колбаев АҚШ ҳукумати томонидан ҳам қидирувга берилган. Давлат департаменти маълумотларига кўра, Колбаев 2000 йилда икки кишини ўлдириш ва қотилликка уринишда айбланиб, 25 йилга қамалган, бироқ у олти йилдан сўнг қамоқдан қочиб кетган. 2007 йилда Америка ташқи сиёсат маҳкамаси уни Қирғизистондаги «энг кучли жиноий гуруҳ раҳбари» деб атаган. 2008 йилда Колбаев, Давлат департаменти маълумотларига кўра, Москвада расман «қонундаги ўғри» унвонига сазовор бўлган.

2011 йилда АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама маъмурияти Колбаевни йирик хорижий гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар санкция рўйхатига киритган, кейинги йили эса мамлакат Молия вазирлиги уни «Братский круг» (Brothers' Circle) жиноий синдикати шериги сифатида тан олган. Колбаевнинг жиноий тармоғини йўқ қилиш ёки унинг ҳибсга олинишига олиб келадиган маълумот учун 5 млн доллар мукофот таклиф қилинган.