Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси Ўзбекистоннинг ички бозорига салбий таъсирини олдини олиш мақсадида қўшни мамлакатлардан электр энергия импорт қилинмоқда. Унинг бир қисмигина Афғонистонга экспорт қилинишини Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, айни дамда иссиқлик электр станцияларининг барқарор ишлаш режими тўлиқ тикланган.
Қозоғистон жанубида ва Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида электр энергиясидан узилишлар кузатилди. Иккала мамлакат ҳам Ўзбекистондаги энергия тизимидаги муаммоларга ишора қилмоқда. Аввалроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги минтақанинг ягона энергия тизимидаги электр узатиш линияларидаги узилишлар ҳақида хабар берган эди.
Тожикистонда 5 январдан бошлаб соат 23:00 дан қишлоқ хўжалиги бор бўлган туманларда, кўп қаватли бинолари йўқ жойларда электр энергияси таъминоти тўхтатиб қўйилади. Уйларда эрталаб соат 6 гача электр энергияси бўлмайди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» вакили матбуот анжуманида Ўзбекистонда электр энергия бўйича жисмоний ва юридик шахслар ҳисобида 3,5 трлн сўм қарздорлик мавжудлигини маълум қилди. Қолаверса, республика бўйича энг кўп қарздорлик Самарқанд вилоятига тўғри келиши таъкидланди.
Трансформаторнинг бузилиши натижасида электр энергиясидан узилиб қолган музработликлар норозилик сифатида кўчада балон ёқишди. Хозирда муаммо бартараф этилган.
Энергетика вазирлигининг хабар беришича, АСКУЭ тизими истеъмолчиларнинг 100 фоизини қамраганидан сўнг тўлиқ тартибда ишлай бошлайди. Бугунги кунгача 72% истеъмолчиларга ушбу турдаги ҳисоблагичлар ўрнатилган. Ушбу тизимга тўлиқ уланиш 2021 йил апрелигача режалаштирилган.
Ўзбекистон, Жаҳон банки, Masdar компанияси (БАА) ва Осиё тараққиёт банки 100 МВт кучга эга бўлган Ўзбекистондаги илк қуёш электростанциясини молиялаштириш бўйича кредит ва суғурта шартномаларини имзолашди. Навоидан 35 узоқликда жойлашадиган станция 2021 йилдан бошлаб «Миллий электр тармоқлари» га электр энергиясини етказиб беради.
Қиш мавсумида узлуксиз электр таъминоти учун қўшимча равишда 10−12 миллион киловатт-соат ишлаб чиқариш зарур, деди президент бўлиб ўтаёган йиғилишда. Давлат раҳбари 10 кун ичида етишмаётган электр энергиясини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича буйруқ берди.
Тошкент вилоятида истеъмолчиларни асоссиз равишда электр таъминотидан узиб қўйган Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан чоралар кўрилмоқда.
Самарқанд вилояти — электр энергиясидан қарздорлик бўйича республикада етакчи бўлиб, вилоятдаги қарздорлик 646 млрд сўмни ташкил қилади. Қарздорлик бўйича кейинги ўринларда Навоий (410 млрд сўм) ва Андижон (273 млрд сўм) вилоятлари турибди.
2021 йил давомида табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун тарифлар оширилмаслиги белгиланмоқда, дея хабар қилди депутат Расул Кушербаев. Бош вазир Абдулла Арипов ушбу хабарни тасдиқлаб, бу аҳоли учун енгиллик яратиш йўлида қилинаётганини таъкидлади.
2021 йилдан барча электр энергияси истеъмолчиларига электр энергиясини етказиб бериш фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилиши таклиф этилмоқда. Тўловни амалга оширмаган истеъмолчиларга нисбатан электр тармоқларидан тўлиқ узиш чораси кўрилиши мумкин.
Фарғона вилоят прокуратураси ҳудудларда 3 соатдан 28 соатгача электр узилишлари кузатилаётганини аниқлаб, электр тармоқлари мансабдорларига нисбатан маъмурий иш қўзғатди.
Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясининг ҳар икки энергоблоки авариявий тўхтади. Натижада водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига электр энергиясини етказиб бериш чекланди.
Шавкат Мирзиёев видеоселекторда электр энергетикаси соҳаси трансформацияси орқали таннарх камайтирилиши лозимлигини таъкидлади. Соҳа трансформациясини эса таннархга таъсир қилмаган ҳолда, ҳаражатларни камайтириш эвазига амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.
Президент электр энергияси рақобатли бозорига ўтиш босқичлари ва қоидаларини белгиловчи ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Ҳозирда инвесторлар билан энергияни қатъий нархларда харид қилиш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг кўплаб туманларида яшовчи аҳоли электр энергияси ўчирилганидан шикоят қилди. Қарздорлик учун тўлов амалга оширилишига қарамасдан, бир неча соат давомида тармоққа уланмаган. «Ҳудудий электр тармоқлари» компаниясининг «Газета.uz»га изоҳ беришича, бир вақтнинг ўзида оммавий ўчириш ва қайта улаш бўйича автоматлаштирилган тизимига юкланиш ортиши натижасида тизим қайта уланишни 4−5 соатга кечикиб амалга оширган.
Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича яхлит онлайн тизим яратилади. Бу мақсадлар учун қарийб 1,2 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. «Бу маблағларнинг натижадорлиги ва қайтими фақатгина ҳисоблагичларни ўрнатиш билан ҳал бўлиб қолмайди. Истеъмолчи сарф қилган энергия ресурси ҳажмини билиш билан тизимдаги йўқотишлар ва ўғирликларга чек қўйиб бўлмайди», — дея таъкидлади президент Шавкат Мирзиёев.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида электр кабели илинган иссиқ сув қувурини ушлаган 8 ёшли қиз ток уришидан вафот этди. Прокуратура туман электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг