Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 30 май куни президент билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида юридик шахслар учун электр энергияси ва газ истеъмолига оширувчи коэффициентлар жорий этиш режалари ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, 2024−2025 йиллар куз-қиш мавсуми учун вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ва маҳаллалар кесимида электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилган. Ушбу мақсадлар ишлаб чиқаришга халал бермасдан, истеъмолни самарали ташкил этиш орқали ресурсларнинг маълум қисмини тежашни таъминлайди.

Ташкилот раҳбарлари учун энергосамарадорлик бўйича асосий самарадорлик кўрсаткичлар (KPI) жорий этилади.

«Илгари ҳам бу кўрсаткичлар тасдиқланган, бироқ бу кўрсаткичларни бажармаган корхона ва ташкилот раҳбарларига нисбатан чора кўришнинг имкони бўлмаган. Энди уларни молиявий ва бошқа жавобгарликка тортиш бўйича кўрсатмалар олдик», — деди у.

Давлат ташкилотлари учун ҳам KPI жорий этилади, уларни бажарганлик учун рағбатлантириш механизмлари ҳам бўлиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун амалдаги тарифга оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиш тартибини (гап энергия ресурсларини ўғирлаш ҳақида кетмоқда) жорий этиш, шунингдек, энергия аудитини ўтказиш бўйича мажбурий чора-тадбирларга риоя қилмаганлик учун ёқилғи-энергетика ресурсларининг кутилган тежалиш қиймати миқдорида жарима солиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

«Қўшимча равишда меъёрлар белгиланади, яъни газ ёки электр энергияси истеъмоли белгиланган лимитнинг 10 фоизидан ошса, ортиқча ҳажмга 2 бараваригача бўлган тариф қўлланади. Бу нима учун қилинмоқда? Бу — бугунги кунда импорт борлиги ҳисобига янада қимматлашиб бораётган энергия ресурсларини тежаш. Иқтисодиётимизнинг максимал энергия самарадорлигига эришиш зарур», — деди у.

Энергетика вазирлигининг «Газета.uz»га ойдинлик киритишича, ушбу тартиб юридик шахслар (хусусий тадбиркорлик субъектлари, давлат корхоналари ва давлат ташкилотлари) учун жорий этилади. Мисол учун, корхона ёки давлат ташкилоти учун лимит 100 кВт/соатни ташкил этади, аммо истеъмол 120 кВт/соат бўлди. Икки бараварлик тариф 10 кВт/соат учун қўлланади.

Шунингдек, истеъмолчиларнинг энергия аудитини ўтказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Унга кўра, энергоаудит фақат халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади. Аудит асосида мажбурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Шаффофликни таъминлаш учун энергия аудити натижалари ва ундан кейин эришилган натижалар йиллик бизнес-режаларга киритилади ва кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.

Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов тарифлар оширилганидан сўнг май ойида Ўзбекистонда 2023 йилнинг шу даврига нисбатан электр истеъмоли 324 млн кВт/соатга, газники эса 125 млн куб метрга камайганини айтганди. Вазирнинг сўзларига кўра, абонентлар ва корхоналар сони кўпайиши фонида истеъмолнинг камайиши энергия тежамкорлигидан далолат беради.