«Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси ижтимоий тармоқларда электр энергияси истеъмолининг суткалик меъёри 6,6 кВт/соат этиб белгилангани, ундан кўпроғи учун тарифлар ошгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақдаги маълумот Facebook`даги «Потребитель.Уз» гуруҳида пайдо бўлди, шундан сўнг у баъзи ОАВ томонидан қайта чоп этилди.

Ушбу хабарлар мутлақо асоссиз, биз янгиликлар каналлари админларидан бундай ёлғон маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз, дея таъкидлади компания.

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб электр ва газ учун тарифлар оширилди, энергия истеъмоли учун ижтимоий нормалар жорий этилди. Электр энергияси учун бу ойига 200 кВт/соат. Ижтимоий норма доирасида 1 кВт/соат нархи 450 сўм бўлса, бундан ортиғига тариф кўтарилади (масалан, кейинги 100 кВт/соат — 900 сўм).