Самарқанд вилояти Ургут туманида Nexia-2 уриб юборган 6 яшли қиз вафот этди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг Markaziy studiya дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, ҳодиса 2 июнь куни туманнинг Янгиҳаёт маҳалласида содир бўлган. Шу туманда яшовчи фуқаронинг 9-синфда ўқийдиган фарзанди Nexia-2 машинасини ҳайдаб кўчага чиққан. Бола отасининг айтишича, машина калити ўзида қолган пайтда ўғли ундан сўрамай, машинани олиб чиқиб кетган.

йтҳ, мактаб ўқувчиси

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган ўқувчи машинани юқори тезликда ҳайдаб келаётганида йўлнинг бир томонидан иккинчи томонига ўтмоқчи бўлган 6 ёшли қизни уриб юборган. Қиз шифохонага олиб борилган. Бироқ кўрсатилган муолажаларга қарамай, у вафот этган.

йтҳ, мактаб ўқувчиси

«Дадамдан сўрамасдан машинани олиб чиққандим. Машинани ювиб чиққанимдан кейин шу воқеа бўлди. Тормозни босдим, тормоз ҳам ишламади. Қизча олдимдан чопиб чиқиб қолди. Ўзим тенги мактаб ўқувчиларидан ҳеч кимга машина ҳайдашни маслаҳат бермайман», — деди рулда бўлган ўқувчи.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Наманганда ўқувчи бошқарувчидаги Lacetti уриб юборган талаба, Фарғонада трактор бошқараётиб поезд билан тўқнашган ўқувчи ва Навоийда мактаб ўқувчиси бошқарувидаги Matiz уриб юборган икки бола ҳалок бўлганди.