Шавкат Мирзиёев 31 май куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухорони 2045 йилгача ривожлантириш концепцияси билан танишди.

бухоро, бухоро вилояти, бухорони 2045 йилгача ривожлантириш концепцияси, жалол арашов, шавкат мирзиёев, янги ўзбекистон

«Ўзбекистон 24» телеканалининг лавҳасига кўра, концепция тақдимоти (телевидение маълумотларига кўра, бош режа) қурилиш вазири Ботир Зокиров томонидан тақдим қилинган.

Концепцияда шаҳарнинг барча тизимларини мувофиқлаштирилган ҳолда шакллантириш, марказни микрорайонлар билан боғлаш, функционал ҳудудларда хизмат кўрсатиш объектларини қулай жойлаштириш, пиёдалар ва велосипед йўлакларини, шунингдек, транспорт йўналишларини қулай тарзда шакллантириш, мавжуд ҳудудларни янги шакллантирилаётган ҳудудлар билан боғлашда аҳоли учун кам ҳаражатли йўлларни топиш, шу иккала ҳудудларни бир хил ривожлантириш, орасидаги тавофутни қисқартириш каби жиҳатларга эътибор қаратилган.

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жалол Арашовнинг айтишича, Бухоро тумани ҳудуди ҳисобидан Бухоро шаҳрининг майдонини (14,3 минг гектар) яна 3831 гектарга кенгайтириш бўйича алоҳида бош режа ишлаб чиқилган.

Концепцияда сайёҳлик марказидан янги аэропортга қадар узунлиги 15 км бўлган алоҳида йўл қурилиши ва шу йўлда темирйўл вокзали ҳам бўлиши кўзда кутилмоқда.

Шунингдек, 44 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» массиви қурилади, бу ерда 7 мингдан ортиқ хонадонли 111 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, 30 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилиши режа қилинган.

бухоро, бухоро вилояти, бухорони 2045 йилгача ривожлантириш концепцияси, жалол арашов, шавкат мирзиёев, янги ўзбекистон

Туркиялик Тураман Синаннинг айтишича, президент лойиҳани маъқуллаган. У иккита асосий бўлим — маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ҳамда барча сайёҳлар учун спорт марказидан иборат. Объектда «аввалгиларидан фарқли ўлароқ, жуда ҳам баланд бўлмаган» стела бўлади.

Боғда ўтмишда йўқ бўлиб кетган, аммо ҳозирда қайта тикланган барча тарихий обидаларнинг макетлари бўлган «кичик Ўзбекистон» бўлади. «Ўзбекистоннинг ўтмиши ва келажаги ҳақида ҳикоя қилувчи» рақамли марказ яратиш, у ерда 360 даражали проекция экранлари («рақамли панорама») бўлиши белгиланган.

Шунингдек, боғ ичида узумзорлар, сабзавот ва мевалар сотиладиган жой, кўл, савдо-маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар барпо этилиши кутилмоқда.

Президент Бухоро шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» массиви ва истироҳат боғи қурилиши лойиҳасининг ғоявий мазмуни ва техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Давлат раҳбари 31 май куни Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида ҳам бўлди. Биринчи босқичда 12 та кўп қаватли уй, мактаб, болалар боғчаси, поликлиникалар фойдаланишга топширилди.

Лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, 1380 хонадонли 71 та кўп қаватли уй, таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳалла маркази ва хизмат кўрсатиш объектларини қуришни ўз ичига олади.