Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Бухоро вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда вилоятда янги аэропорт қурилиши ҳақида фикр билдирди.

«Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баравар ошириш режамизга кичиклик қиляпти. У йилига 1 миллион йўловчини қабул қилади — бу жуда кам. Кеча Бухоро туманида ҳозиргидан уч баравар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги, замонавий халқаро аэропорт қуришга старт бердик. Қурувчиларга ҳамма шароитини яратиб, пулларни ҳам топишга ҳаракат қилдик. Сифат ва муддатини келишиб олдик», — деди давлат раҳбари.

«Бухорога ҳафтасига камида 100 та рейс келиши керак. Шуни қилсак, ўйлайманки, халқимиз ҳам, меҳмонлар ҳам рози бўлади. Энг катта нарса — одамларимиз даромадли бўлади», — дея қўшимча қилди у.

Президент Фарғона водийси ҳудудларида 11 млн аҳоли истиқомат қилаётгани ички туризмни ривожлантириш учун катта имконият эканини таъкидлади. У транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга бир ой муддатда Фарғона водийсидан Бухорога ҳафтасига уч марта тўғридан-тўғри рейс йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

2023 йилда Бухорога 1,4 млнга яқин хорижий сайёҳ келган. Вилоятда йилига 5 млн хорижий сайёҳни жалб этиш учун шароит яратилмоқда. Шу мақсадда шаҳар марказида «Боқий Бухоро» маданий-этнографик боғи ва янги аэропорт қурилиши бошланди.

Янги аэропорт хусусий шериклик шартлари асосида қурилади. 226 млн долларлик лойиҳа «жаҳон стандартларига мос аэропорт инфратузилмасини ташкил этади». Соатига 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш учун шароитлар яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.

2022 йилда президентга тақдим этилган Бухоро аэропортининг янги терминали лойиҳаси.2022 йилда президентга тақдим этилган Бухоро аэропортининг янги терминали лойиҳаси.

2022 йилнинг апрель ойида президентга Бухоро аеропортида давлат-хусусий шериклик асосида янги халқаро йўловчи терминалини қуриш лойиҳаси тақдим этилганди. Хусусий шерикни тендер орқали танлаш режалаштирилганди (2023 йил кузида). Инвестиция ҳажми 136 млн долларни ташкил қилиши, лойиҳани 2022−2024 йилларда амалга ошириш кўзда тутилганди.

Ўшанда Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқарувининг собиқ раиси Раъно Жўраева янги терминал локацияси ўзгармаган ҳолда Бухоро аэропорти ёнида қурилишини маълум қилганди.