Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни «Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Миллий қонунчиликни ЖСТнинг Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битими (ASCM)га мувофиқлаштириш учун 1 октябргача масъул идораларга қуйидаги кўрсатмалар берилди:

  • экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган субсидия ва преференцияларни, шу жумладан, товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзларни 2025 йил 1 январдан бекор қилишни, шунингдек, ЖСТ қоидалари билан таъқиқланмаган қўллаб-қувватлаш чораларини;
  • самараси паст бўлган солиқ ва божхона имтиёзларини 2025 йил 1 январдан бекор қилишни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Ўзбекистонга импорт қилинадиган ва ишлаб чиқариладиган тамаки маҳсулотларига акциз солиғи ставкаларини 2026 йил 1 январга қадар, алкоголь маҳсулотлари ва шакар учун эса 2027 йил 1 январга қадар бирхиллаштириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда амалда бўлган божхона божи, йиғимлари ва қийматини ЖСТнинг Тарифлар ва савдо бўйича бош битими (GATT 1994) талабларига мослаштириш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб жорий этиладиган божхона йиғимларининг фискал мақсадларда ундирилмаслигини белгилаш топширилди.

Шунингдек, 1 августга қадар айрим турдаги товарларни экспорт қилишда ундириладиган йиғимларни қайта кўриб чиқиш ва тегишли таклифларни ҳукуматга киритиш кўзда тутилмоқда.

Божхона қўмитаси 1 августга қадар божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия 1 августга қадар савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими (MFN) назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларини қўллаш бўйича амалдаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, унинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиши керак.

Бундан ташқари, импорт божхона божлари ставкаларининг қўлланилиши самарадорлигини ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида амалдаги божхона тарифларини Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 2022 йилги таҳририга мувофиқлаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш режа қилинмоқда.

Транспорт вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 1 сентябрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди:

  • 2024 йил 1 октябрдан бошлаб босқичма-босқич 2025 йил 1 апрелгача республика ҳудудида темирйўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бериш амалиётини бекор қилиш;
  • темир йўл орқали юкларни ташишда экспорт ва импорт ташиш хизматлари учун тарифларни 2030 йилгача босқичма-босқич бирхиллаштириш.

Шунингдек, 1 сентябргача этил спирти импорти операцияларини ЖСТ битимлари қоидалари асосида тартибга солиш юзасидан таклифларни киритсин режалаштирилмоқда.

Аввалроқ ёзганимиздек, худди шу фармон билан ташқи интернет каналидаги монополия, бир қатор давлат корхоналарининг махсус ҳуқуқлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга давлат харидлари бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёевнинг айтишича, имзоланган фармон «қора ва рангли металларни қайта ишлаш, кимё саноати, телекоммуникация ва энергетика каби қатор соҳаларда янги даврни бошлаб беради».

«Биз Жаҳон савдо ташкилотининг энг асосий шартларидан бири — барча учун тенг ва эркин рақобат шароитини яратиш принципига амал қилган ҳолда, мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш борасида қарори қатъий эканини яна бир бор намойиш қилмоқдамиз», — деб ёзади у.

Ўтган йилнинг август ойида президент 2025 йилдан бошлаб импорт дорилар ва тиббий буюмларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда йиғимларни бекор қилиш, товарларни давлат тилида маркировкалаш тартибига ўзгартириш киритиш ва бошқаларни назарда тутувчи фармонни имзолаганди.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясигача ташкилотга аъзо бўлишни режа қилаётганини билдирганди.