Шавкат Мирзиёевнинг 15 августдаги фармони билан Ўзбекистон қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) келишувларига уйғунлаштириш учун унга ўзгартишлар киритди.

«Газета.uz»даги маълумотларга кўра, ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокаралар олиб борилаётган бир қатор давлатлар қонунчиликдаги айрим бандлар бўйича эътирозлар билдирмоқда ва шу муносабат билан Ўзбекистон унга ўзгартиришлар киритмоқда.

Ҳужжат билан 2024 йил 1 январдан алоҳида давлатлардан олиб кириладиган маҳсулотларнинг мувофиқлигини мажбурий баҳолашдан озод этиш тартибини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади.

Импорт қилинадиган товарларни давлат тилида маркировкалаш тартибига ҳам 2024 йил 1 январдан бошлаб ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, товарларни «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун уларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди. Бунда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари (истеъмол қадоқларига эга бўлмаган ҳамда ўз эҳтиёжи учун олиб келинган товарлардан ташқари) ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг вакили ва импорт қилувчи томонидан давлат тилида (лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида) маркировка қилинмаган тақдирда, бу товарларга мувофиқлик сертификатини ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш тақиқланади (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).

2025 йил 1 январдан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини олиб киришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви йиғими бекор қилинади. Президент мазкур тўлов бекор қилиниши муносабати билан 2024 йилгача тегишли вазифаларни амалга оширишни муқобил молиялаштириш бўйича таклифлар киритиш юзасидан топшириқ берди.

Бундан ташқари, қуйидаги масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши ва ҳукуматга киритилиши керак:

  • товарларни олиб киришга лицензия бериш жараёнини автоматлаштириш (рақамлаштириш) — 1 октябргача;
  • транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия бериш тизимини ЖСТ талабларига мувофиқлаштириш — 2024 йил 1 январгача.

1 ноябрга қадар «экспорт» ва «импорт» божхона режимларида товарларни расмийлаштириш учун ундириладиган божхона тўловлари ставкаларини ЖСТ талабларига мувофиқ унификация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш топшириғи берилди.

Фармон 2024 йил 1 январдан, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар эса 2025 йил 1 январдан кучга киради.

Гап сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар, хомашё, ўлчаш ва транспорт воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш механизмларини олиб киришда миллий сертификат олиш талабини ва юқори сифат ҳамда назорат тизимига эга бўлган давлатлар рўйхатини бекор қилишни назарда тутувчи бандларни чиқариб ташлаш ҳақида бормоқда.

Ҳозирда алкоголли маҳсулотларни маркировкалаш учун акциз маркалари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга акциз маркалари номинал қийматининг 50 фоизи, импорт қилувчиларга эса акциз солиғининг тўлиқ суммаси тўлагандан кейингина берилади. 2025 йилдан бошлаб бу миқдор ҳар икки тоифа учун 50 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар деярли 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июль ойида қайта бошланган (ўша йилдаги йиғилиш тўртинчи учрашув бўлганди). ЖСТнинг 2022 йилдаги бешинчи йиғилиши олдидан ўтказилган конференцияда сўзга чиққан, ўша вақтда бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаётган Сардор Умурзоқов ЖСТ аъзоларини янада мослашувчан бўлишга чақирганди ва Ўзбекистон аъзо бўлиш жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканига ишонтирганди.

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон уч давлат билан ЖСТга кириш бўйича музокараларни деярли якунлагани хабар қилинганди. Ишчи гуруҳ таркибига жами 47 давлат киради, 31 давлат билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ мамлакат экспортини икки баравар ошириш стратегияси доирасида ЖСТга албатта кириши кераклигини таъкидлаганди. У 2023 йилда халқаро ташкилотга киришда сезиларли натижаларга эришилишини кутаётганини қайд этган.