2025 йилдан Ўзбекистонда фаолият юритадиган, мобил ёки симли телекоммуникация тармоқларига эга телекоммуникация операторларига синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилади. Бу президентнинг 4 июнь куни ЎзАда эълон қилинган фармонида назарда тутилган.

Шунингдек, қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо фаолиятларини лицензиялаш тартиби жорий этилади.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2024 йил 1 сентябргача қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдоси тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил 1 октябргача ахборот ва миллий хавфсизликнинг тўлиқ таъминланишини назарда тутган ҳолда телекоммуникация операторларининг синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиши ва босқичма-босқич бошқа операторларга халқаро Интернет каналларини ташкил этиш бўйича хизматларни кўрсатиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ташқи интернет каналига монополия

Бугунги кунда мамлакатдаги деярли барча провайдерлар «Ўзбектелеком» компаниясининг Халқаро пакетли коммутация маркази орқали интернет тармоғига уланган. 2018 йилда 2019−2021 йилларда Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегияси қабул қилинган бўлиб, унда 2020 йил 1 январдан ташқи интернет-канали бўйича монополияни бекор қилиш режалаштирилганди.

2019 йил август ойида тадбиркорлар мутасаддилар билан учрашувда Ўзбекистонда стартаплар ривожланишидаги муаммолардан бири сифатида ташқи интернет-каналдаги монополияни қайд этганди. Жаҳон банки таҳлилчилари ушбу соҳадаги монополия интернетга уланиш тезлигини ошириш ва нархларни пасайтиришга имкон бермаётгани, бу эса рақамли иқтисодиётни яратиш бўйича ҳаракатларга салбий таъсир ўтказаётганини таъкидлаганди.

Интернетга уланиш хизмати (улгуржи даражада) ҳозирча «Ўзбектелеком»да қолмоқда.

Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йилнинг апрель ойигача хусусий провайдерларга халқаро интернет тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш имконини берувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиши керак эди. Бу мақсад 2024 йилда стратегик йўналишларда ислоҳотларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасига киритилганди.