Ўзбекистон маҳсулот тақсимоти бўйича тузилган барча шартномаларни хатловдан ўтказади. Бу бозор ислоҳотларини жадаллаштириш ва миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) келишувларига мувофиқлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонда назарда тутилган.

Энергетика вазирлигига Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 августга қадар Ўзбекистон томонидан имзоланган барча маҳсулот тақсимотига оид битимларни тўлиқ хатловдан ўтказишни якунлаш топширилди.

Шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзавтосаноат» билан биргаликда ушбу санага қадар ҳукумат томонидан имзонланган барча инвестиция битимларини хатловдан ўтказиши керак.

Шундан сўнг унинг натижалари бўйича Президент администрациясига аниқ таклифлар киритиш зарур.

Бу миллий қонунчиликни ЖСТнинг Савдо билан боғлиқ инвестиция чоралари тўғрисидаги битимига (TRIMs), шу жумладан, маҳаллийлаштириш ёки экспорт қилиш бўйича мажбуриятларни қўлламаслик талабларига мослаштириш мақсадида амалга оширилмоқда, дейилади фармонда.

Битим ЖСТга аъзо давлатларга ишлаб чиқариш соҳасига хорижий инвестицияларга салбий таъсир кўрсатадиган чекловчи чораларни жорий қилишни тақиқлайди. TRIMs фақат товарлар савдосини олдини олувчи чораларни қамраб олади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июнь ойида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Россиянинг «Лукойл» компаниясидан газ учун 600 миллион доллар қарзи борлигини тан олиб, маҳсулот тақсимоти бўйича келишувни тузишда нима учун миллий манфаатлар ҳисобга олинмагани бўйича саволлар берган эди.

Ўшанда у нефть-газ секторидаги коррупцияга ҳам тўхталиб, маълум бир амалдор Устюрт газ-кимё мажмуаси учун 80 миллион доллар олганини айтган.

Шавкат Мирзиёев 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон парламенти ва халқига мурожаатномасида газ захираларини кўпайтириш мақсадида мамлакатда 10 йиллик геология-қидирув дастури қабул қилинишини айтган эди. Хусусан, унинг айтишича, Устюрт платосига катта истиқболли чуқур қатламларда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қидирув ишларини олиб бориш учун йирик хорижий инвесторлар жалб қилинади ва бу қонун билан мустаҳкамланади.

«Газ қазиб олиш учун берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилиб, самарасиз ишлаётган корхоналарга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Ўзингиз кўриб турганингиздек, энергия бутун дунё бўйлаб сиёсатга айланди. Сиёсатга. Шундай экан, ерости конлари яқин ўн-йигирма йил давомида фойда келтириши учун биз [миллий манфаатларни] қонунда мустаҳкамлаб қўйишимиз керак», — деганди президент.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов яқинда берган интервьюсида айрим ҳолларда инвесторларга шартномалар доирасида қўшимча мажбуриятлар юклангани, бироқ улар инвестиция муҳитининг ёмонлашуви хавфи туфайли ошкор этилмаганини маълум қилди.

2004 йилда Ўзбекистон ҳукумати «Лукойл» билан «Қандим-Хаузак-Шади» (35 йил муддатга, 2014 йилда яна 7 йилга — 2046 йилгача узайтирилган) ва «Жануби-Ғарбий Ҳисор» (2007 йилда кучга кирган ва 36 йилга, 2043 йилгача мўлжалланган) лойиҳалари бўйича маҳсулот тақсимотига оид битим (МТОБ) имзолаган.

Россиянинг «Газпром» компанияси билан «Шохпахта» конлари (2004 йилдан — 15 йилга, 2018 йилда 5 йилга узайтирилган) ва «Джел» (2018 йилда 25 йилга имзоланган) бўйича шартномалар имзоланган.

2017 йилнинг апрель ойида Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М25) кони учун газ-кимё мажмуаси қурилиши билан 35 йил муддатга яна бир МТОБ имзоланган эди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ушбу лойиҳа бўйича геологик қидирув ишлари камида саккиз йил давом этишини таъкидлаган.