Тошкент шаҳрида собиқ МХХ бинолари мажмуаси ҳудудидаги дарахтларни кўчириб ўтказганлик юзасидан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар берди Бош прокуратура.

22 май куни интернетда мато билан қопланган улкан жисмлар узун тиркамаларда олиб кетилаётгани акс этган видео пайдо бўлганди. Ўшанда шаҳар экология бошқармаси собиқ МХХ ҳудудидан 26 туп кўп йиллик эман дарахти Тошкент вилоятидаги истироҳат боғига кўчирилаётганини хабар қилганди.

Шаҳар экология бошқармаси бошлиғи Турсунпўлат Эгамовнинг айтишича, бузиб ташланган МХХ биноси ўрнида Radisson меҳмонхона мажмуасини қураётган Metropol Group компанияси январь ойида дарахтларни кесишга рухсат олиш учун хат юборган, бироқ бошқарма дарахтларни таг қисмидан кесишга рухсат бермаган.

Унинг сўзларига кўра, қонунчиликда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сон қарори билан белгиланган дарахтларни кўчириш тартиби мавжуд, бироқ бу жараён учун рухсатнома бериш тартиби йўқ.

Унинг сўзларига кўра, Muna Mug ҳеч бир ташкилотдан рухсат олмасдан дарахтларни кўчиришга киришган.

Бош прокуратура компания Вазирлар Маҳкамасининг айни шу қарорида белгиланган дарахтларни кўчириш тартибини бузган ҳолда, 53 туп қимматбаҳо навли соғлом ўсиб турган кўп йиллик дарахтларни (эман, қарағай, айланнтус ва бошқалар) ноқонуний равишда кўчириб ўтказганини маълум қилди.

«Мазкур ҳолат юзасидан дарахтларни ноқонуний кўчирган хўжалик юритувчи субъект масъуллари ва бунга имконият яратиб берган мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди», — дейилади хабарда.

Жиноят иши Бош прокуратура назоратига олинган.

Аввалроқ Muna Mug компанияси директори ва асосчиси Фаррух Ҳакимов фотограф Камиль Еникеев кўчириб ўтказилган дарахтларни суратга олишига тўсқинлик қилишга урингани ҳақида хабар берган эдик. У ўзини агрессив тутиб, фотографга энергетик ичимлик сепган.

2021 йил июнь ойида ТИВ собиқ раҳбарининг Metropol Group таъсисчиси бўлган ўғли Даниёр Камилов МХХ собиқ биносини 210 млрд сўмга хусусийлаштирганди. 2023 йил март ойида Metropol Group компанияси Radisson Hotel Group билан премиум классдаги Radisson Collection Hotel Tashkent`ни очиш бўйича шартнома имзолаган. Лойиҳа қиймати 100 млн долларга баҳоланмоқда.