Тошкентдаги Ўзбекистон собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг биноси ўрнида қурилиши режалаштирилган Radisson меҳмонхона мажмуаси лойиҳаси 100 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу Ўзбекистоннинг 2024 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорида қайд этилган, «Газета.uz» қарорни ўрганди.

Тошкентдаги Radisson меҳмонхонаси «Бродвей» номи билан машҳур Сайилгоҳ кўчасида жойлашади. Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июнь ойида таъсисчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги собиқ раҳбарининг ўғли бўлган Дониёр Камиловнинг Metropol Group компанияси Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ МХХ биносини 210 миллиард сўмга хусусийлаштирган эди.

2023 йилнинг март ойида Radisson Hotel Group компанияси Metropol Group билан премиум тоифали Radisson Collection Hotel Tashkent меҳмонхонасини очиш бўйича шартнома имзолагани маълум бўлди.

Меҳмонхона 2026 йилда очилиши режалаштирилган. Лойиҳа Марказий Осиёдаги биринчи Radisson Collection меҳмонхонаси бўлади. Тахминан 130 минг квадрат метр майдонга эга меҳмонхона мажмуаси «бир хил меъморий услубда қурилган» тўртта бинони ўз ичига олади. Уларда жамоат жойлари, савдо майдончалари, кинотеатр, офислар, квартиралар, кўп қаватли ер ости автотураргоҳи, конференция ва мажлислар заллари жойлашади.

Мажмуанинг асосий ва энг баланд биносида Radisson Collection Hotel Tashkent меҳмонхонаси жойлашади. Бу классик услубда ишланган, 27 минг квадрат метрдан ортиқ майдонга эга 22 қаватли бино бўлади. Меҳмонхонада 164 та хона, жумладан, президент тоифали люкс хоналари бўлади.

Инвестиция дастурида Metropol Group 2021 йил февраль ойида Тошкентда рўйхатдан ўтган бўлсада, Россиядан компания/шерик сифатида кўрсатилган. Муассаса сиғими 860 ўринга мўлжалланган. 2024 йилнинг биринчи чорагида 9,8 миллион доллардан фойдаланиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Metropol Group томонидан хусусийлаштирилган Миллий хавфсизлик хизматининг (собиқ ДХҚ) собиқ биноси 2023 йил июль ойида бузиб ташланиши бошланган эди. Бино 1950 йилларда қурилган. Бу ерда дастлаб Ички ишлар вазирлигининг марказий шаҳар клиникаси, кейин Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси, кейин Миллий хавфсизлик хизмати жойлашган. 2018 йилда МХХ Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилиб, янги жойга кўчирилди.

Озарбайжоннинг Pasha Holding компанияси Тошкентда беш юлдузли Ritz-Carlton меҳмонхонасини қуришни режалаштираётгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Лойиҳа қиймати 200 миллион долларга баҳоланмоқда.