2023 йилнинг май ойидан бери одамлар антропоген иқлим ўзгаришлари бўлмаган даврдагидан ўртача 26 кун кўпроқ аномал иссиқликни бошдан кечирди, деб ёзади The New York Times олимларнинг янги тадқиқотига таяниб.

28 май куни чоп этилган таҳлил бир неча гуруҳлар ўртасидаги ҳамкорлик натижаси бўлди: Қизил Хоч ва Қизил Ярим ойнинг иқлим маркази Climate Central ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларини ўрганувчи илмий ташаббус бўлган World Weather Attribution (WWА). Тадқиқотчилар агар кундузги ҳарорат 1991 ва 2020 йиллар оралиғида қайд этилган кундузги ҳароратнинг 90 фоизидан юқори бўлса, у аномал даражада иссиқ, деб ҳисоблади.

Математик моделлаштиришдан фойдаланиб, олимлар фаразий равишда, агар антропоген иқлим ўзгариши бўлмаса, ғайриоддий иссиқ кунлар сони анча кам бўлишини ҳисоблаб чиқди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 80 фоизи камида 31 кун давомида аномал иссиқликни бошдан кечирган.

Тадқиқот муаллифлари сайёра исишининг асосий сабаби сифатида қазиб олинадиган ёқилғиларнинг ёнишини кўрсатмоқда, бу атмосферада иссиқликни ушлаб турувчи газлар миқдорининг ошишига олиб келган.

Қўшимча иссиқ кунлар сони минтақадан минтақага фарқ қилади, қайд этади тадқиқот. Баъзи мамлакатларда бу фақат икки ёки уч ҳафта. Бошқаларда, жумладан, Колумбия, Индонезия ва Руандада фарқ 120 кундан ортиқ. АҚШда 39 та рекорд иссиқ кун қайд этилган.

Олимлар, шунингдек, ўтган йилнинг май ойидан буён сайёра қанча иссиқлик тўлқинларини бошдан кечирганини ҳам ҳисоблаб чиқди. Улар Антарктидадан ташқари ҳар бир қитъада 90 та давлатга таъсир қилувчи 76 та эпизодни аниқлади.

Аввалроқ Кембриж университети (Буюк Британия) ва Иоганн Гутенберг университети (Германия) олимлари 2023 йилнинг ёзи Шимолий яримшарда сўнгги икки минг йилликдаги энг иссиғи бўлганини аниқлаган эди.

Метеорологлар, шунингдек, 2023 йилни сайёра иқлимини ҳужжатлаштирилган кузатиш бошланган 1850 йилдан бери энг иссиқ йил деб тан олган.