Ўзбекистонда сабзавот ва меваларни экспорт қилиш бўйича шароит ёмонлашмоқда, деб ҳисобламоқда Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳудудларида мева, сабзавот, ёнғоқ ва резавор бозори ҳақида маълумот берувчи EastFruit портали таҳлилчилари.

Май ойидан бошлаб мамлакатда мева-сабзавот маҳсулотларига тавсия этилган экспорт нархлари жорий этилди. Етказиб берувчиларга ҳақиқий нархларни тавсия этилганидан 20 фоиздан кўп бўлмаган миқдоргача пасайтиришга рухсат берилди. Бироқ ҳукумат қарори билан тавсия этилган нархлар минимал нархларга алмаштирилди.

Эндиликда Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини давлат органлари белгилаганидан паст нархда олиб чиқиш тақиқланади.

«Маҳсулот учун нарх сифат тоифалари, навлари ва бошқалар бўйича градацияларсиз белгиланади, бу эса мева ва сабзавотлар масаласида мутлақо бемаъниликдир. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, бундай қарорлар ҳеч қачон ҳеч қандай нуқтаи назардан ижобий натижаларга олиб келмайди. Улар, биринчи навбатда, ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулот сотиш имкониятлари торайган кичик экспортчиларга зарба беради», — деб ёзади EastFruit.

Порталга кўра, бу ҳолат маҳсулот етиштиришга сармоя киритишга бўлган қизиқишни пасайтиради ва мамлакатнинг йирик тизимли импортёрлар олдидаги жозибадорлигини пасайтиради. Сабаби бундай тартибга солиш шароитида узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаларини тузиш жуда рискли бўлиб қолади, дейилади мақолада.

EastFruit солиқ тушумларини ошириш ва валюта назоратини яхшилаш нуқтаи назаридан бундай чора самарасиз, деб ҳисоблайди. Йирик компаниялар замонавий молиявий воситалар ёрдамида минимал нархларни осонгина четлаб ўтиши мумкинлиги ва бу солиқ солинадиган базанинг қисқаришига олиб келиши қайд этилган.

Ўзбекистондан 2018−2023 йиллар давомида қуритилган, музлатилган ва барра мевалар экспорти, минг долларда. Инфографика: EastFruitЎзбекистондан 2018−2023 йиллар давомида қуритилган, музлатилган ва барра мевалар экспорти, минг долларда. Инфографика: EastFruit

Портал маълумотларига кўра, Ўзбекистонда мева-сабзавот экспортида юқори ижобий динамика кузатилмаяпти. 2023 йилда Ўзбекистоннинг экспорт бўйича тушуми 10 фоизга камайиб, 777 млн долларни ташкил этди. Айни вақтда, ҳисоботларда юқори кўрсаткич қайд этилган (Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда сабзавот ва мевалар экспорти 1,20 млрд долларни ташкил этган, бу 2022 йилга нисбатан 4,3 фоизга кўп), сабаби сабзавот ва мевалар экспорти қуруқ дуккаклиларни ҳам ўз ичига олади. «Сифатли таҳлил учун улар донли дуккаклилар экспорти бандида кўрсатилиши керак, чунки улар сабзавот ва меваларга нисбатан бутунлай бошқача специфика ва савдо тузилишига эга», — дея қайд этган экспертлар.

Россияга аксарият мамлакатлардан мева ва сабзавотлар етказиб бериш тақиқлаши билан боғлиқ «экспортни ривожлантириш учун ажойиб имкониятлар»га қарамасдан, кўрсаткичлар сўнгги беш йил ичида деярли ўзгармаган ва 700 млн доллардан 900 млн долларгача оралиқда ўзгариб турибди, дея қайд этган таҳлилчилар.

Шу билан бирга, экспорт таркибида дунёда истеъмоли турғун бўлиб, нархлари пасайиб бораётган қуритилган меваларнинг улуши ортиб бормоқда, барра маҳсулотлар улуши эса, аксинча, пасайиш тенденциясига эга, дея қайд этган портал.

«Кўп мева ва сабзавотлар нарх килограми учун 1 доллардан паст бўлган бозорларга экспорт қилинади»

Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтган йиғилишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг 80 фоизи бор-йўғи бешта давлат бозорига йўналтирилишини таъкидлаганди. Яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг асосий қисми «нарх килограми учун 1 доллардан паст бўлган бозорлар» улушига тўғри келади, деди давлат раҳбари.

2023 йили 52 давлатга 126 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, шундан 98 минг тоннаси (77,7 фоизи) 12 давлатга, килограми учун 1 доллардан паст нархда сотилган. Шавкат Мирзиёев мутасаддилар бозорларни топиб, рухсатнома ва сертификатлар билан боғлиқ муаммоларни, логистика масалаларини ҳал қилса, биргина узумнинг ўзидан 500 млн долларлик экспорт қилиш мумкинлигини таъкидлаган.

Килограми 1 доллардан сотилаётган гилоснинг 68 фоизи (45 минг тонна), шафтолининг 74 фоизи (87 минг тонна), хурмонинг 56 фоизи (58 минг тонна), шунингдек, Ўзбекистоннинг энг машҳур маҳсулотлари бўлган ўрик, олхўри, анжир, анор, бодом, ловия ва мош экспорти билан ҳам худди шундай вазият.

«Тадбиркорлар айтяпти, таннарх баландлиги, айрим уддабуронлар даромад ортидан қувиб, қадоқлашда сифатсиз маҳсулот қўшиб юборгани оқибатида Ўзбекистонда етиштирилган бренд остидаги кўп маҳсулотларимиз ташқи бозорда етакчиликни йўқотмоқда. Бу бозорларни қанча ҳаракат билан яратаётганимизми тушуняпсизларми ўзи? Бозор Ўзбекистондан олма ва узум келишини кутиб ўтирмайди. Бошқа давлат дарҳол [талабни] қондиради. Бозорда бўш жойлар аллақачон тугаган, жой учун курашиш керак. Курашиш!» — деганди президент ўшанда.

Ўша йиғилишда бош вазир бошчилигида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Нима учун минимал нархлар жорий этилмоқда?

Минимал экспорт нархлари нафақат сабзавот ва меваларга, балки тўқимачилик, чарм-поябзал маҳсулотлари ҳамда электр жиҳозларига ҳам жорий этилди. Маҳсулотларни хорижга минимал қийматдан паст нархларда сотиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, божхона органлари бу ҳақда 24 соат ичида қонун ҳужжатларига мувофиқ чора кўрувчи Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментини хабардор қилиши керак бўлади.

Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркор Наргиза Мухторова Kun.uz`га берган интервьюсида давлатнинг нарх белгилашга аралашуви нотўғри қадамлиги, чунки бу эркин бозор эканини таъкидлади. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у бошқа экспортёр мамлакатларда бундай ҳолатни учратмаган.

«Бу катта фабрикалардан чиққан таклиф бўлиши мумкин, лекин ўрта ва кичик тадбиркорларнинг зарарига ишлайди. Эркин бозор, эркин иқтисодий муҳит бўлса, рақобат бўлиши табиий, бу давлат томонидан назорат қилиниши керак эмас. Таннарх 2 долларга чиқса, уни ҳеч ким 1 долларга сотмайди-ку. Лекин давлат буни 3 долларга сотасан, 2 долларга эмас, деб аралашса, бу бизнеснинг мижозлар базасини йўқотишига олиб келади», — дея тушунтирди у.

Kun.uz суҳбатлашган молиячи Отабек Бакиров бу чора муаммонинг сабаблари билан эмас, оқибатлари билан курашиш эканини таъкидлади. «Тадбиркорлар экпортини яширяпти деб ўйлашяпти. Ҳар ҳолда, қарорда шундай тезислар бор. Биз бунинг сабабларини ўргандикми, нима учун экспортчилар ислоҳотларнинг 7-йилига келганда экспортини яширишга уриняпти, нима билан боғлиқ бу? Қонунчилик билан боғлиқми? Ўзаро ҳисоб-китоблар билан боғлиқми? Кўп ҳолатларда экспортчилар янги бозорларни кашф этиш учун ўзига ўзи экспорт қилади. Балки шу билан боғлиқдир. Биз экспорт тушумини яширишнинг сабаблари билан курашиш ўрнига, оқибатлар билан курашишга ўтяпмиз», — деди у.

Савдо-саноат палатаси раиси (лойиҳа муаллифи) Даврон Вахабов Kun.uz`га берган интервьюсида экспортчилар имтиёзларга қарамай, маҳсулот нархини паст кўрсатиб, экспорт даромадларини яширишга ҳаракат қилаётганини айтди. Шу сабабли минимал экспорт нархларини белгилашга эҳтиёж туғилди, деди у.

«Чарм-пойабзал, электротехника ёки тўқимачилик маҳсулотлари қандай қилиб ички бозордаги нархлардан 5 баробар арзон бўлиши мумкин? Ўргандикки, чарм-пойабзал оёқ кийими 8 минг сўмдан 12 минг сўмгача божхона чегарасидан ўтяпти. Бунинг салбий тарафлари нимада дейдиган бўлсак, бугунги кунда экспортёр маҳсулотни таннархидан арзон сотишига ҳеч қандай жарима йўқ. Сабаби давлат тарафидан экспортёрларга турли имтиёзлар берилган. Экспортёр ўзи хоҳлаган нархида сотади. Экспортёрга бундай шароит нимага бериляпти? У солиқ имтиёзларидан фойдаланиши учун ўзининг шаффоф тушумини кўрсатиши керак. Мақсадимиз, МДҲга маҳсулот экспорт қиладиган бўлса, ишлаб чиқарувчи маҳсулотини шаффоф кўрсатаман деса, у ерда таклиф 30−40 фоизга арзон чиқяпти. Натижада ўзимизнинг ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини у ерга олиб бориб сота олмайдиган ҳолат юзага келяпти», — деди у.

«Ўртадаги бино иншооти йўқ корхона оёқ кийимни 5 баробар арзонга сотяпти. Охирги сотиб олувчи бундан фойдаланиб қолаётгани муаммога айланяпти. Ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам ишчи ўрнини кўрсатмай, солиқдан қочиб, арзонга сотишим керак деган нарсага олиб келяпти. Жарима йўқ-ку, 1 долларлик нарсани 20 цент этиб кўрсатяпмиз, 20 цент ҳисобрақамига тушириб, 80 центни нақд олиб келяпмиз», — деди Савдо-саноат палатаси раҳбари.

Даврон Вахабов нархлар давлат томонидан эмас, хорижга 1 млн доллардан 20 млн долларгача миқдорда маҳсулот етказиб берувчи 20 та йирик тадбиркордан иборат ишчи гуруҳлар томонидан белгиланишини алоҳида таъкидлади. Айни пайтда тўқимачилик, чарм саноати, электротехника йўналишларида ишчи гуруҳлари тузилган.

Тадбиркор Наргиза Мухторованинг фикрича, йирик ишлаб чиқарувчилар барча тадбиркорлар учун нарх белгиламаслиги керак, чунки уларнинг шартлари ўрта бизнес шароитларидан фарқ қилади.

«Экспортчилар ростдан ҳам тушумларни яширяпти деб ҳисобланилса, улар барибир бу йўлдан қайтмайди. Энди бошқа йўлга ўтади. Энди у массада ёки ҳажмда манипуляцияга ўтишга ҳаракат қилади. Ёки божхона органлари билан коррупцион харажатга киришишга ҳаракат қилади. У экспорт тушумининг бир қисмини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш ҳаракатида экан, бошқа экспорт шартномалар билан хизматлар кўрсатишга оид бошқа импорт шартномалар билан маблағларни четга олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Мотивларни ҳимоя қила оладиган аргументларни кўрмаяпман», — деди Отабек Бакиров.

У тавсия этилган нархи 15 цент (тахминан 1900 сўм) бўлган пиёзни ички бозорда фермерлар 300−400 сўмдан сотганини мисол қилиб келтирди.