Шавкат Мирзиёев 18 март куни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича йиғилиш ҳамда ушбу соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди.

Давлат раҳбари бундан буён йиғилишлар ҳар бир соҳа корхоналари вакиллари билан учрашув тарзида, уларни қийнаётган масалаларга ечимлари билан ўтказилишини таъкидлади. Йиғилишга 100 дан зиёд экспортчи-тадбиркорлар ва логистика корхоналари вакиллари таклиф қилинди.

Президент Германия, Венгрия, Польша, Испания, АҚШ ва Қозоғистондаги савдо уйларини тадбиркорлар бошқарувига бериш, шунингдек, Нагоя (Япония), Мерсин (Туркия), Роттердам (Голландия), Циндао (Хитой), Клайпеда (Литва), Доҳа (Қатар) каби йирик порт шаҳарларда савдо уйи очиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Яқинда Юқори Чирчиқдаги Агрохизматлар марказида халқаро аккредитациядан ўтган илк хусусий лаборатория очилди. 2024 йил 8 миллион доллар инвестиция ҳисобига Зангиота тумани, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида ҳам худди шундай замонавий лабораториялар ишга тушади, деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Референс лаборатория ташкил этилиб, хусусий лабораториялар ишининг халқаро стандартларга мослиги таъминланади. Бунга Жаҳон банкидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан 12 млн доллар берилади. Бундан буён, халқаро тан олинган реагентлар импорт божидан озод қилинади, уларга мажбурий экологик сертификат олиш талаб этилмайди.

Мутасаддиларга бошқа лабораторияларни ҳам халқаро аккредитациядан ўтказиш, мева-сабзавот сифатига хорижий давлатларнинг миллий талабларини ўрганиб, экспортчиларга етказиш бўйича топшириқ берилди.

Президент халқаро кўргазмаларда қатнашиш тизимини қайта кўриб чиқиш кераклигини айтди. Бунда тадбиркорларнинг рейтинги асоси қилиб олинади. Юқори ва ўрта рейтингга эга бўлган тадбиркорлар учун кўргазмаларда қатнашиш харажати 100 фоиз олдиндан тўланади. Паст рейтинглилар кўргазмада иштирок этганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этгандан кейин, харажатининг 50 фоиз қисми қоплаб берилади.

Кўплаб экспортчи корхоналарни қийнаётган масала — айланма маблағ. Шу боис жорий йилда Бизнесни ривожлантириш банкидан ушбу мақсадлар учун 1,5 триллион сўм ресурс йўналтирилади. Бу маблағлар эвазига экспортчи корхонага фермер ва тайёрлов омбори билан тузган шартнома суммасининг 50 фоизигача имтиёзли кредит берилади. Кредитлар 18 фоиз ставкада 6 ой имтиёзли давр билан 1,5 йил муддатга ажратилади.

Мева-сабзавот саноат маҳсулотларига қараганда тез бузилиши, сифатини йўқотиши сабабли маҳсулот туридан келиб чиқиб, йўқотиш миқдори 10 фоизгача белгиланади. Ҳўл мева, шарбат, қандолат, мураббо, жем каби бир хил ҳароратда етказиш талаб этиладиган маҳсулотлар учун совутгичли юк контейнерлари олиб келинади.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, табиий йўқотиш ва сифат бузилишини камайтириш учун қадоқлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. У бу йўналишда замонавий корхона ташкил қилиб, тажрибали дизайнерларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Аҳоли томорқалари ва экин ерларида сархил мева-сабзавотлар етиштирилади. Уларни нақд пулга сотиб олиб, экспортга тайёрлаб берадиган таъминотчилар ўзини ўзи банд қилган шахслар каби фаолият юритади ва айланмасидан қатъи назар, барча солиқлардан озод бўлади.

комиссия, мева-сабзавот, озиқ-овқат, шавкат мирзиёев, экспорт

2024 йил бу йўналишда камида 100 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 1 млрд доллар экспорт қилиш, ҳудудий дастурлар доирасида 833 млн долларлик 528 та лойиҳани ишга тушириш режа қилинган. Бу соҳадаги лойиҳаларга йўналтириш учун банкларга 310 млн доллар маблағ тақсимланган. Ушбу чоралар орқали тайёр озиқ-овқат экспортини 200 млн долларга олиб чиқиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалардан келиб чиқиб, мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти бўйича бош вазир раҳбарлигида комиссия тузилиши белгиланди.

Шунингдек, экишдан бошлаб, маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва сотиш занжирини тўлиқ қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрланади. Қишлоқ хўжалиги экспорти билан шуғулланувчи 2 минг 362 та корхонага кўмаклашиш, уларнинг сафини кенгайтириш чоралари кўрилади. Экспортчилар билан доимий «мулоқот майдони» яратилиб, ҳудудларда мавжуд маҳсулотлар, ташқи бозордаги талаб ва нархлар тўғрисида маълумот алмашиб борилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот экспортнинг 80 фоизи 5 та давлат бозорларига тўғри келишини, бу қишлоқ хўжалиги экспортининг асосий қисми «нархлари килограмми 1 доллардан паст бўлган бозорларга» кетишини айтганди.

Ўтган йили 52 давлатга 126 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, шундан 98 минг тоннаси (77,7 фоизи) 12 давлатга килограми 1 доллардан арзон нархда сотилган. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда сабзавот ва мевалар савдоси 1,76 млн тоннага (+1,1 фоиз), қиймат жиҳатидан эса 1,18 млрд долларга (+3,3 фоиз) ошди. Мева-сабзавот экспортининг асосий бозорлари Россия (37 фоиз), Покистон (16,7 фоиз), Хитой (12,3 фоиз) ва Қозоғистон (10,3 фоиз) бўлди.