15 май куни Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида юк машинаси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган ўқувчини уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда бир гуруҳ ўқувчилар пиёдалар ўтиш жойидан ўтмоқчи бўлганда Nexia тўхтаб йўл берганини кўриш мумкин. Бироқ болалар юра бошлаганда иккинчи қатордан катта тезликда келган юк машинаси улардан бирини уриб кетган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, судда ушбу айблов ўз исботини топса, айбдор муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тўрақўрғон туманида КамАЗ ҳайдовчиси 6 ёшли болани уриб юборганди. Оқибатда бола шифохонада вафот этган. Пастдарғом туманида эса Damas пиёдалар ўтиш жойида уриб юборган 11 ёшли қиз шифохонага ётқизилганди.