UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи ва «Ўзбекнефтгаз»га қарашли нефть конларидаги ускуналарни сотиш Ўзбекистоннинг 2024 йил иккинчи чораги учун инвестиция дастурига киритилган (ҳукумат томонидан 16 майда қабул қилинган).

Инвестиция дастурида лойиҳа «Жамият („Ўзбекнефтгаз“ компанияси — таҳр.)нинг нефть конларидаги активлари ва ускуналарини сотиш бўйича ишларни амалга ошириш» деб номланади ва 70 миллион АҚШ долларига баҳоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу активлар (нефть ускуналаридан ташқари) бошқа компания балансига ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. «Газета.uz» 1 март куни Даниёр Камиловга (президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камиловнинг ўғли) тегишли Petroleum Technology Group компанияси «Ўзбекнефтгаз»нинг 78 та ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлган UNG Petro`нинг эгасига айлангани ҳақида ёзган эди. Чиноз НҚИЗ ҳам унга берилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзбекнефтгаз» хусусийлаштириш натижалари, хусусан, Petroleum Technology Group нефтни қайта ишлаш заводи ва ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қачон ва қанчага сотиб олгани тўғрисида маълумот бермаган.

Инвестиция дастурида лойиҳанинг хорижий ҳамкорлари сифатида Petroleum Technology Group ва Saneg (Швейцария, Кипр, Россия мамлакатлар) кўрсатилган. Saneg «Ўзбекнефтгаз»дан нефть конларидаги ускуналарни сотиб олиши мумкин эди.

«Газета.uz» манбасининг хабар беришича, UNG Petro`нинг сотув нархи 50 миллион доллар атрофида бўлган ва актив «бозор нархида» баҳоланган. Бу маълумотни расман тасдиқлашнинг имкони бўлмади. Агар маълумот тўғри бўлса, қолган 20 миллион доллар Чиноз НҚИЗ ва нефть кони ускуналари савдосидан тушади. Инвестиция дастурида ускуналар миқдори ва унинг хусусиятлари кўрсатилмаган.

«Газета.uz» очиқ маълумотларга асосланиб, 80 та ёқилғи қуйиш шохобчаларининг нархи тахминан 100 миллион долларни ташкил этиши мумкинлигини ҳисоблаб чиққанди (ер нархини ҳисобга олмаганда). Бу миқдор «Ўзбекнефтгаз» сўнгги ёқилғи қуйиш шохобчаларини 1,25 миллион долларга қурганига асосланади.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда UNG Petro`нинг айланмаси 2,24 триллион сўмни (тахминан 178 миллион доллар) ташкил этган, бу 2022 йилга (1,86 триллион сўм) нисбатан 20,4 фоизга кўп. Корхона йил давомида 85,5 миллиард сўм солиқ тўлаган, бу ўтган йилга нисбатан (156,3 миллиард сўм) қарийб 2 баравар кам, чунки 2023 йилда Аи-80 русумли бензинни сотиш акциз солиғидан озод қилинган эди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида UNG Petro 34,1 миллиард сўм ёки 2023 йилнинг январь-март ойларидаги (36,1 миллиард сўм) кўрсаткичдан 5,5 фоизга кам солиқ тўлаган. Компаниянинг фойдаси ошкор этилмаган.

Sanoat Energetika Guruhi (Saneg, SEG) Ўзбекистондаги йирик нефть-газ компанияларидан бири бўлиб, 103 та нефть ва газ конларида (аввал «Ўзбекнефтгаз»га тегишли бўлган) ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Мамлакатдаги нефть қазиб олиш ҳажмининг қарийб 80 фоизи Saneg ҳиссасига тўғри келади. Компания маълумотларига кўра, 2022 йилда нефть қазиб олишнинг умумий ҳажми 586,4 минг тоннани, газ қазиб олишники — 1 миллиард куб метрни ташкил этган. Корхона томонидан 2022 йилда ички бозорда 320 минг тоннадан ортиқ дизель ёнилғиси ва 250 минг тоннадан ортиқ турли маркадаги бензин сотилган.

Корхонада нефть ва газ қазиб олишдан ташқари, хомашё қайта ишланиб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар: бензин, дизель ёнилғиси, нефть, авиакеросин ва бошқа қатор маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Қайта ишлаш 2022 йил май ойидан Saneg таркибига кирувчи Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида амалга оширилмоқда.

2021 йилда Бахтиёр Фазилов SEG`нинг асосий акциядори сифатида рўйхатга олинган, у айни пайтда Gazli Gas Storage (Ўзбекистондаги энг йирик газ омбори «Газли»нинг оператори) ва нефть-газ, кимё, авиация ҳамда қурилиш саноатидаги бир қатор бошқа активларнинг асосий бенефициари ҳисобланади.