«Ўзбекнефтгаз» компанияси Каспий денгизининг Озарбайжон шельфидаги «Шаҳ-Дениз» газ конденсати лойиҳасига кириши мумкин. Бу ҳақда Губа шаҳрида бўлиб ўтаётган Озарбайжон-Ўзбекистон II минтақалараро форуми доирасида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов журналистларга маълум қилди, деб ёзмоқда Trend.

«Биз SOCAR компаниясини таклиф қиламиз ва у билан Ўзбекистонда нефть ҳамда газ қазиб олиш лойиҳаларида иштирок этиши ҳақида гаплашамиз. Худди шундай, «Ўзбекнефтгаз»нинг Озарбайжонда газ қазиб олиш лойиҳаларига кириши масаласи ҳозирда муҳокама қилинмоқда ва якуний босқичда. Ҳа, Озарбайжоннинг «Шаҳ-Дениз» лойиҳаси назарда тутиляпти. Биргаликдаги иштирок музокаралар мавзуси ҳисобланади», — деб тушунтирди у.

ИССВ раҳбари «Ўзбекнефтгаз»нинг «Шаҳ-Дениз»га кириши бўйича ҳужжатларни имзолаш яқин ойларда бўлишига умид билдирди.

«Ушбу лойиҳадаги иштирокимиз чет эллик маслаҳатчи иштирокида жиддий молиявий ва ҳуқуқий экспертиза талаб қилади. Биз бу истиқболларга жиддий қараймиз», — деди вазир.

Ўтган йилнинг август ойида «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг нефть-газ соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олганди. Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекнефтгаз» SOCAR билан биргаликда 2024 йилда Озарбайжонда учта углеводород конини ўзлаштиришни бошлашни режалаштирмоқда.

«Шаҳ-Дениз» лойиҳаси 1996 йилдан бери амалга оширилмоқда. 2013 йилда «Шаҳ-Дениз» конини ўзлаштириш бўйича келишув 2046 йилгача узайтирилди.

Ҳозирда лойиҳа иштирокчилари Британиянинг BP (қазиб олиш оператори — 29,99%), Россиянинг Lukoil (19,99%), Туркиянинг Türkiye Petrolleri Anonim Ortaklığı (TPAO, 19%), Россиянинг NİKO (10%) ва SGC Upstream (Озарбайжон манфаатларини ифодаловчи компания ҳисобланади, 21,02%).

«Шаҳ-Дениз»нинг захиралари 1,2 триллион куб метр газ деб баҳоланмоқда, ҳозиргача ушбу манбанинг 20 фоизга яқини қазиб олинди.

«Шаҳ-Дениз» гази Жанубий Кавказ қувури орқали Грузия, Туркия ва Европага етказилади.

2019 йил октябрь ойида «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR биргаликда Каспий денгизининг Озарбайжон қисмида нефть қазиб олиш режалари ҳақида хабар берилганди.

2023 йил март ойида Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга ташрифи чоғида Ўзбекистон томони SOCAR билан «нефть-газ соҳасида катта лойиҳа» тайёрланаётганини айтганди. Илгари «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистондан ташқарида лойиҳаларни амалга оширмаган. Шавкат Мирзиёев 2018 йил январь ойида компанияга халқаро бозорларга чиқиш бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича топшириқ берганди.