Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов 13 февраль куни савдо ва умумий овқатланиш корхона вакиллари билан бўлиб ўтган семинарда 227−1 моддаси тадбиркорларга қўлланган жарималар миқдорининг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилишини маълум қилди.

«227−1 моддаси бўйича масала тўлиқ ечилди, деб бемалол айтсак бўлади. Бир-икки кунда яхши хабарлар бўлади. Ҳукумат даражасида кўриб чиқилган нарса шуки, 227−1 моддада жарималар бор эди, бу ердаги тадбиркорлар орасида ҳам шу жаримага учраганлар бор. Мазкур модда бўйича 100 фоизлик жарима 2 фоизга туширилди. 100 фоиз жариманинг 98 фоизи тўлаганларга қайтариб берилади. Тўламаганлардан фақат 2 фоизи олинади. Ва келажакда 227−1 бўйича фақат 2 фоиз жарима бўлади», — дея таъкидлади ССП раиси.

Тадбиркорларга қандай жарима қўлланилганди?

227−1-модда Солиқ кодексининг янги таҳририга 2022 йил 11 мартдан киритилган ва тасдиқлангандан кейин уч ой ўтиб — 13 июндан кучга кирди. Модда қуйидаги талабларни ўз ичига олади:

  • фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
  • солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
  • товарларни (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори-дармонлар, маиший техника, 2024 йил 1 мартдан — сув ва ичимликлар) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар учун идентификациялаш воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидалари.

Ушбу талаблар ёки тартиб-қоидаларни бузиш реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Spot.uz`нинг Солиқ қўмитасига таяниб хабар беришича, ўтган йили ушбу модда бўйича 254 та, жорий йилда эса 1083 та корхона жаримага тортилган.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Суюндикованинг айтишича, солиқ органлари савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини ички ҳисоб дастурлари саналувчи R-Keeper, Jowi, iiko ва бошқа тизимлардан фойдалангани ва улар назорат-касса машиналари, яъни солиқ органлари тизими билан интеграция қилинмагани учун жаримага тортган.

Ушбу жарималар тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлганидан кейин Савдо-саноат палатасида Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Вахобовлар ҳамда тадбиркорлар иштирокида учрашув ўтказилганди. Ўша учрашувда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари мазкур модда бўйича қўлланилган жарималар жами 400 млрд сўмдан ортиқни ташкил этиши ва ССП уларнинг ҳисобдан чиқариш бўйича президент қарори лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилганди. Унга кўра, ташаббускор Савдо-саноат палатаси бўлиб, Солиқ қўмитаси таклифни қўллаб-қувватлаган.