Сешанба куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Солиқ кодексининг 227−1-моддасига тадбиркорлар томонидан «қотил» деб ном олган ўзгартиришларни киритиш тўғрисидаги қонунни бирданига уч ўқишда қабул қилди.

227−1-модда солиқ кодексига 2022 йил март ойида киритилган ва амалга оширилган сўнгги ҳисобот чораги учун соф даромад миқдорида жарима назарда тутилган. Унда фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш бўйича чора белгиланган.

Янги таҳрирдаги Конституцияда жазолар мутаносиблиги принципи акс эттирилганини тан олиб, депутатлар жаримани 98 фоизга ёки 50 бараварга камайтиришни маъқуллади — энди бу соф даромаднинг 100 фоизидан 2 фоизигача бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик молиявий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши «солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни янада эркинлаштириш, солиқ ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик чораларини адолат тамойили асосида белгилаш, қоидабузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ортиқча харажатларини камайтиришга» хизмат қилади.

Энди қонун Сенат томонидан тасдиқланиши ва президент томонидан имзоланиши керак.

Февраль ойида Spot нашри Солиқ кодексининг 227−1-моддаси бўйича 1500 дан ортиқ тадбиркор жаримага тортилгани ва 700 млрд сўмлик жарима солинганини маълум қилганди.

Солиқ маслаҳатчилари ва тадбиркорларнинг таъкидлашича, солиқ органлари савдо ва овқатланиш корхоналарини R-Keeper, Jowi, iiko ва бошқа тизимларнинг ички ҳисобга олиш дастурларидан фойдаланганликлари учун касса аппаратлари, яъни солиқ органлари тизими билан интеграциялашмагани учун жаримага тортишган.

Февраль ойи ўрталарида умумий овқатланиш ва савдо соҳаларидаги бизнес вакиллари билан учрашувда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов тадбиркорларга қўлланган жарималар миқдорини камайтириш режалаштирилганини маълум қилганди. Шунингдек, у жаримани тўлиқ тўлаганлар сумманинг 98 фоизи қайтарилишига ишонтирганди. Хабар қилинишича, жами 400 млрд сўмлик жарималарни ҳисобдан чиқариш режалаштирилган.

Февраль охирида Шавкат Мирзиёев фискал белгилар ва товарларни маркалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун бизнес учун молиявий санкцияларни юмшатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонда бир ой ичида тузатишлар лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилганди.