Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни тадбиркорлик субъектларига фискаль белгилар ва товарларни маркировкалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган молиявий санксияларни юмшатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси маълум қилди.

Ўзбекистон Солиқ кодексининг тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлган 227−1-моддаси бўйича жарима миқдори 50 бараварга камайтирилади. Эслатиб ўтамиз, ушбу моддада фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш назарда тутилган. Бундай қоидабузарлик ҳозирда реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

Эндиликда биринчи марта бундай ҳуқуқбузарлик содир этилганда қўлланиладиган жарима миқдори реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизини ташкил қилади ва бир йил ичида такрорий қоидабузарлик содир этилган тақдирда жарима миқдори 20 фоизгача оширилади.

Шунингдек, президент фармони кучга киргунга қадар 227−1-моддада назарда тутилган фискал ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган молиявий санксиялар бўйича қарзларнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилади. Уларни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.

Шунингдек, корхоналар бу бўйича тўлаган жарималарнинг 98 фоизи қайтариб берилади.

Ҳукуматга бир ой муддатда Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритиш топширилди.

Тадбиркорларга қандай жарима қўлланилганди?

227−1-модда Солиқ кодексининг янги таҳририга 2022 йил 11 мартдан киритилган ва тасдиқлангандан кейин уч ой ўтиб — 13 июндан кучга кирди. Модда қуйидаги талабларни ўз ичига олади:

  • фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
  • солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
  • товарларни (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори-дармонлар, маиший техника, 2024 йил 1 мартдан — сув ва ичимликлар) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар учун идентификациялаш воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидалари.

Ушбу талаблар ёки тартиб-қоидаларни бузиш реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Spot.uz`нинг Солиқ қўмитасига таяниб хабар беришича, ўтган йили ушбу модда бўйича 254 та, жорий йилда эса 1083 та корхона жаримага тортилган.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Суюндикованинг айтишича, солиқ органлари савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини ички ҳисоб дастурлари саналувчи R-Keeper, Jowi, iiko ва бошқа тизимлардан фойдалангани ва улар назорат-касса машиналари, яъни солиқ органлари тизими билан интеграция қилинмагани учун жаримага тортган.

Ушбу жарималар тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлганидан кейин Савдо-саноат палатасида Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Вахобовлар ҳамда тадбиркорлар иштирокида учрашув ўтказилганди. Ўша учрашувда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари мазкур модда бўйича қўлланилган жарималар жами 400 млрд сўмдан ортиқни ташкил этиши ва ССП уларнинг ҳисобдан чиқариш бўйича президент қарори лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилганди. Унга кўра, ташаббускор Савдо-саноат палатаси бўлиб, Солиқ қўмитаси таклифни қўллаб-қувватлаган.