Энергетика вазирлиги иссиқлик станциялари ва иссиқлик марказларида мазутдан фойдаланишнинг Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқлигини рад этди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент иссиқлик электр станциясида (ТошГРЭС) январь ойида ўтказилган текширув натижаларига кўра, ҳаво ва тупроққа етказилган зарар миқдори 1 миллиард сўмни ташкил этган эди. ИЭС асосий ёқилғи сифатида газдан фойдаланади, лекин баъзида мазут ёқади, деб хабар қилганди ўшанда Экология вазирлиги. Бундан ташқари, чиқиндиларни тозалаш тизими мавжуд эмаслиги ҳам аниқланган.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент вилояти ва пойтахтда «Иссиқлик электр станциялари» АЖга қарашли 11 та иссиқлик электр станцияси ва иссиқлик марказлари мавжуд. Улардан 6 тасида (Тошкент ИЭС Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган, 3−5, 9−10 ИЭМлари Тошкент шаҳрида) куннинг тиғиз, табиий газ таъминотида босим пасайган пайтларида мазут аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун захира ёқилғиси сифатида ишлатилади.

Мазут ёқилғисининг ишлатилиш жараёни эса қонунчиликда белгиланган тарзда барча масъул идоралар, хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳам келишилган тартибда йўлга қўйилган, дея хабар беради Энергетика вазирлиги.

«Станцияда мазут ёқилиши натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқишини камайтириш мақсадида белгиланган техник параметрларга мос келувчи фильтрлар ўрнатилган. Келгусида барча иссиқлик электр станцияларига ёқилғидан чиқаётган зарарли моддаларни 95 фоизгача камайтириб берадиган қўшимча фильтрларни ўрнатиш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Экология вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатда мазут ёқиш технологияси ва ундан чиқадиган зарарли моддаларнинг ҳисоб-китоблари мавжуд. Корхонада ҳавога ташланаётган моддалар мана шу ҳужжатда белгиланган талаблардан ҳеч қачон ошмаган, дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Вазирликнинг қайд этишича, Экология вазирлигининг Тошкент ИЭС ҳақидаги мурожаати эълон қилинган 2 февраль куни корхоналарда мазутнинг максимал сарфи суткасига 5017 тоннани ташкил қилган. Ўша куни Тошкент ҳавосидаги майда PM2,5 заррачаларининг миқдори 35,1 мкг/м3 ни ташкил этиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан (5 мкг/м3) 7 баробар ошиб кетган.

Бугун, 13 февраль куни ушбу корхоналарда соат 16:00 га қадар 600 тонна мазут ёқилган. Шунга қарамай, соат 14:10 ҳолатига кўра, PM2,5 миқдори 162 мкг/м3 га етди, бу ЖССТ тавсияларидан 32,4 баравар ортиқ. Шу сабабли Тошкент IQAir рейтингида ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда учинчи ўринга кўтарилди.

«Бу эса пойтахт ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг заррача ҳам ҳиссаси йўқлигини, иссиқлик электр станцияларида ушбу ёқилғи Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган меъёрий талаблар асосида ёқилаётганини яна бир карра исботлайди», — дейилади хабарда.

«Атроф-муҳитни асраш масаласи эса барчамизнинг, жумладан, Энергетика вазирлиги тизим ташкилотлари, иссиқлик электр станциялари олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган эътирозлар ҳамда ташвишлар бизни ҳам ўз ишимизга янада масъулият билан муносабатда бўлишга даъват қилади. Шунинг учун биргина Тошкент ИЭСда ҳавога ташланаётган моддалар зарарини камайтириш, экологик мувозанатни сақлаш мақсадида 2023 йил давомида 10 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди. Ва бу каби ишлар бугун барча ёқилғи-энергетика корхоналари томонидан изчил олиб борилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Экология вазирлиги иссиқлик станциялари томонидан мазут ёқилишини пойтахт ҳавосининг ифлосланиш сабабларидан бири сифатида келтирган эди. Шу билан бирга, вазирлик кўмир билан ишлайдиган иссиқхоналар ва иссиқлик электр станциялари, саноатнинг ўсиши, автомобиллар сони, Аи-80 бензинидан фойдаланиш, дарахтларнинг кесилиши, қурилиш ишлари ва бошқа омилларни ҳам қайд этган.