10 ноябрь куни БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде мамлакатдаги миссиясини якунлади. Мазкур лавозимдаги сўнгги интервьюсида у «Газета.uz»га ижтимоий ходимларнинг аҳамияти, нима учун ижтимоий ҳимоя соҳасида тезкор натижаларга интилмаслик кераклиги ҳақида гапириб, ҳар биримиз туғилганимизда бошқаларга нисбатан етарлича инклюзив бўлганимизни таъкидлади.

— Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил этилди. Сиз ҳам уни ташкил этиш жараёнида иштирок этдингизми ва ушбу агентлик иш механизмларининг умумий самарадорлигини қандай баҳолайсиз?

— Ушбу агентликнинг ташкил этилишида бевосита ва билвосита иштирок этдик. Биринчидан, сўнгги бир неча йил давомида биз ижтимоий ҳимоя билан бевосита шуғулланадиган институт яратиш муҳимлиги ҳақида гапириб келяпмиз, чунки бу соҳада тарқоқлик бор эди. Адашмасам, 16 га яқин давлат идоралари ижтимоий ҳимоя масалалари билан шуғулланарди. Ва ижтимоий ҳимоянинг барча асосий масалаларини қамраб оладиган институционал механизмга эҳтиёж бор эди. Бизнинг ҳолатларимизда, биринчи навбатда, улар — болалар, ногиронлар, ёлғиз қариялар, бироқ аҳолининг бошқа заиф тоифалари ҳам мавжуд. Ва, мана, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ҳамда ушбу ғояни илгари суриш орқали Ижтимоий ҳимоя стратегияси қабул қилиниб, ушбу стратегия доирасида вазирлик ёки идора ташкил этиш кўзда тутилди.

Ушбу агентликнинг функционал имкониятларини ишлаб чиқиш бизнинг бевосита иштирокимизда амалга оширилди. Бу ЮНИСEФ билан бошланди, бироқ ижтимоий ҳимоя масалалари билан шуғулланувчи ривожланиш бўйича барча ҳамкорлар якдил бўлиши, зарур техник ёрдамни кўрсатиши, тарқалиб кетмасдан, ягона фронтда жам бўлиши жуда муҳим деб ҳисоблаймиз. Биз Халқаро Меҳнат Ташкилоти, Жаҳон банки билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз ва ижтимоий ҳимоя соҳасида учта асосий ҳамкор сифатида ушбу агентликни қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳозирда кўрсатилиши зарур бўлган турли хизматлар шакллари аниқланмоқда. Биринчидан, Ўзбекистонда ижтимоий таъминотнинг асосий шакли ҳали ҳам совет давридан бизга мерос қолган тўловлар ва ижтимоий муассасалар, яъни мактаб-интернатлар кўринишида. Албатта, тўловлар бўйича сезиларли ютуқларга эришилди. Ўзаро ҳамкорлигимиз туфайли болалар ва кам таъминланган оилаларга эҳтиёжни аниқлаш, нафақалар беришда инсон омилини, ҳатто маҳаллий коррупцияни бартараф этишга ёрдам берган ягона реестр жорий этилди.

Аммо ижтимоий ҳимоя ҳақида гапирганимизда, бу нимани англатишининг аниқ таърифлари мавжуд. Ижтимоий ҳимоя ва унинг механизмлари доимо тандемда, яъни хизматлар тўловлар билан биргаликда амалга оширилиши керак. Хизматлар ҳақида гапирганимизда, аҳолига максимал даражада яқин бўлган замонавий ижтимоий хизматлар шаклларини назарда тутамиз ва бу каби хизматларга эҳтиёжи бўлганларнинг аниқ доирасини белгилаб олишимиз лозим. Улар қийин ҳаётий вазиятларга тушиб қолган одамлар, оилалар ва болалардир.

ижтимоий ҳимоя, инклюзия, мунир мамедзаде, юнисеф

Превентив қисмга кўпроқ эътибор қаратиш керак, чунки бизнинг мамлакатларда ижтимоий ҳимоя асосан чора кўришга асосланиб ишлайди. Яъни, агар болани оиладан олиб қўйиш, мактаб-интернатга жойлаштириш керак бўлса ёки инклюзив хизматлар йўқлиги сабабли, ногиронлар учун, шу жумладан болалар учун кўпинча ягона чора — интернатга жойлаштириш ҳисобланади. Худди шу нарса ёлғиз қарияларга ҳам тегишли. Аммо маҳаллалар ёки маҳалла кластерлари даражасида жойларда таянч ижтимоий хизматлар йўлга қўйилган бўлса, превентив хизматлар орқали кўплаб бу каби қийин вазиятларга тушиб қолиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда ўз вқатида оилалардаги хавф-хатарларнинг олдини олиш имкониятига эга бўламиз.

Бунинг учун эса кучли маҳаллий кадрлар ва ижтимоий ходимлар керак. Афсуски, бизнинг тизимимизда профессионал даражада тайёрланган ижтимоий ходимлар йўқ ёки улар жуда кам. Агентлик билан биргаликда ҳозирда барча даражадаги ижтимоий хизматларнинг шакл ва кўринишларини белгилаб олишимиз мумкин бўлган ижтимоий фаолият тўғрисидаги қонунни, кейинроқ эса ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонунни қабул қилишни илгари сурмоқдамиз.

Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи, иккиламчи ёки учинчи даражали тиббий ёрдам ҳақида гапирамиз. Ижтимоий хизматларда ҳам худди шундай. Яъни, маҳаллий даражада кўрсатилиши мумкин бўлган маълум бир хизмат кўрсатиш шакли мавжуд, туман даражасида олиниши мумкин бўлган янада ихтисослашгани ёки вилоят ёки республика даражасида кўрсатилиши мумкин бўлган юқори малакали хизматлар мавжуд.

Ва, албатта, айни пайтда институционализация жараёни муҳокама қилинмоқда. Бу болаларнинг интернат муассасаларига тушишининг олдини олиш учун қилинган. Тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, болаларнинг қарийб 90 фоизи камида битта тирик ота-онага эга, бироқ айни пайтда ижтимоий етим ҳисобланиб, ушбу муассасаларга тушиб қолишади. Ваҳолнки турли хил шакллар, муқобил парваришлаш усуллари мавжудлигини биламиз. Агар биз давлат ёрдамига муҳтож бўлган ўша ёлғиз она билан ўз вақтида ишласак, боланинг оиласидан ажралишининг олдини олишимиз мумкин.

Бизда бундай муассасаларга қисқа вақтга бўлса ҳам тушиб қолиш ҳам болалар ҳаётида жуда чуқур из қолдириши, бу эса уларнинг когнитив ва жисмоний ривожланишига, шунингдек, келажакда ақлий саломатлигига таъсир қилишига оид глобал эмпирик далиллар мавжуд. Совет даврида бундай муассасаларнинг бўлиши яхши деб ҳисобланарди, чунки давлат шу тарзда ўз фарзандлари ёки энг заиф одамларга ғамхўрлик қилишини кўрсатарди. Аммо ҳозир бундай муассасаларга болалар ва ҳатто катталарни жойлаштириш энг охирги чора бўлиши керак. Унгача эса превентив хизмат ёки оилавий уйлар, турли хил муқобил шакллар, ҳомийлик ва бошқалар туриши лозим. Ижтимоий таъминот соҳасида ҳали қилинадиган ишлар кўп. Бу қисқа муддат агентликнинг тўғри йўлда эканини кўрсатмоқда, аммо натижани баҳолашга ҳали жуда эрта.

Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиманки, ижтимоий ҳимоя ва аҳолининг заиф қатлами билан ишлаш алоҳида эътиборни талаб қилади ва бу ерда шошиш керак эмас, чунки шошсак, жуда кўп хатоларга йўл қўйишимиз мумкин. Қўшни давлатлар, минтақа мамлакатлари ва Шарқий Европа тажрибаси аллақачон мавжуд, жумладан, 1990-йилларда Руминияда «интернатлар — ёмон, келинглар уларни ёпамиз ва болаларни уй-уйларига жўнатамиз», деган сиёсат юритилгани сабабли барча муассасалар ёпилди. Жойларда эса қўллаб-қувватлаш хизматлари йўқ эди. Ва бу тескари таъсир кўрсатди.

Шунинг учун ҳар бир қарор заиф қатламлар бундай вазиятдан чиқиб кетиши, уларни қўллаб-қувватлаши учун болалар манфаатларини кўзлаб қабул қилиниши керак, чунки бу қандайдир бир марталик қарор ёки акция эмас, бундай тоифа билан тизимли ишлаш, мониторинглар ўтказиб туриш керак. Бундай ҳолларда, менимча, шошилишнинг ҳожати йўқ. Тушунаман, Ўзбекистонда барчасини тез ва яхши натижалар билан қилишни хоҳлашади. Аммо муаммоларга жуда мувозанатли ва прогрессив ёндашиш керак бўлган муайян соҳалар мавжуд.

— Ўйлайманки, ҳозирда биз биринчи навбатда натижага эмас, балки олдимизга қўйилган мақсадларга эътибор қаратишимиз кераклиги ҳақида жуда муҳим фикр билдирилди.

— Тушунаман, давлат бошқарувида ҳар доим KPI ҳақида, натижаларга эришиш ҳақида гапиришади. Аммо бу ерда одамларнинг тақдири ҳақида гапираётганимизни унутмаслигимиз лозим. Бу мутахассислар ва экспертларни жалб қилган ҳолда амалга оширилиши керак. Бу ишларнинг барчаси якка тартибда ва ҳар бир оила билан индивидуал режалаштириш асосида амалга оширилиши зарур. Ва бу режалар кўпинча халқаро амалиётда камида уч ой, олти ой, ҳатто бир йилга тузилади. Яъни, у ерда умумлаштириш мумкин эмас, барча муаммоларни тезда ҳал қилиш ҳам имконсиз.

— Яқинда Ижтимоий ҳимоя агентлиги, Адлия вазирлиги ва ЮНИСЕФ болаларга нисбатан зўравонликка қарши қонун лойиҳасини тайёрлаётгани маълум бўлди. Айтингчи, у қандай чораларни ўз ичига олади?

— Жорий йилнинг апрель ойида оиладаги зўравонликка доир амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар қабул қилинди. Биз ҳам бу жараёнда бевосита иштирок этдик, чунки оиладаги зўравонлик ёки гендер асосидаги зўравонлик ҳақида гап кетганда, болалар бу вазиятда бевосита қурбон бўлишади.

Аммо болаларга нисбатан зўравонликнинг турли шакллари ва тегишли чораларни белгилаб берувчи кенг қамровли ҳужжат қабул қилиш зарур. Чунки зўравонликнинг жисмоний, руҳий ва бошқа турли шакллари мавжуд. Ва нафақат оилада, балки таълим муассасаларида, худди шу интернат муассасаларида ҳам. Яъни, зўравонликнинг барча кўринишлари, уларни ҳал қилишнинг турлича ёндашувлари ва превентив қисмини белгилаб берувчи кенг қамровли ҳужжат қабул қилиш зарур.

Албатта, қонуннинг қабул қилиниши — яхши, бу аниқ сиёсий ишора ва хабар беради. Бироқ иш шу билан тугаб қолмаслиги керак. Бу шу каби вазиятларда чора кўришга масъул мутахассисларнинг ўзларини тайёрлаш нуқтаи назаридан тандем бўлиб ишлаши кераклигини тушунамиз. Таъкидлаганимдек, улар ижтимоий ходимлар, психологлар, бу тўғридан-тўғри болалар билан ишлайдиган давлат хизматлари ходимлари ёки хизмат кўрсатувчиларнинг бутун бошли контингентидир.

ижтимоий ҳимоя, инклюзия, мунир мамедзаде, юнисеф

Аммо бу ота-оналарнинг ўзлари билан ҳам ишлаш дегани. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида гап кетганда, менимча, бирон бир ота-она, алоҳида ҳолатлардан ташқари, ўз фарзандига ёмонлик қилишни хоҳламайди ёки раво кўрмайди. Бу ота-оналик маҳоратининг етишмаслиги масаласи экани, бу боланинг тақдирига қандай из қолдиришини тушунамиз. Баъзиларимиз тарбиянинг энг яхши шакли, бу — болани жазолаш, бола бугунги кун воқелигига кўпроқ мослашиб олиши учун у билан шафқатсиз муносабатда бўлиш керак деб ўйлашимиз мумкин. Биз буни баъзан ўғил болаларга нисбатан кўрамиз.

Қизларга нисбатан зўравонлик шакли зўравонликка олиб келадиган гендер стереотиплари ва меъёрлари мавжудлиги нуқтаи назаридан жиддийроқдир. Мазкур қонун нимага эътибор қаратиш, зўравонлик шакллари, масалан, болаларга нисбатан жисмоний жазо ёки бошқа кўринишларни аниқлаш ва уларни тақиқлаш бўйича чегаларни ишлаб чиқишга имкон беради. Зўравонлик билан ишлаш ва қонунни амалиётга татбиқ этиш механизмларини ҳам ўйлаб чиқиш керак.

— Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида, ЮНИСEФ тадқиқотига кўра, ўсмир қизларнинг 33 фоизи эр ўз хотинини калтаклаш ҳуқуқига эга эканлигига ишониши ҳайратланарли эди. Юқори кабинетлар ва анжуман залларидан ҳар бир одамга, у маълумот манбаларидан қанчалик узоқда яшамасин, бу норма эмаслиги ҳақидаги билимларни қандай етказиш керак?

— Бу борада энг яхши ўрнакларни аниқлаб, уларни тарғиб қилишимиз керак. Вакиллик раҳбари сифатида менинг даражамда ҳам, йиғилишларда ўтириб, бу гапларни айтсам ҳам, қисқа вақт ичида жиддий натижа кўрмаслигимизни тушунамиз. Тизимли иш керак ва у хулқ-атвор нормаларини ўзгартириш нуқтаи назаридан амалга оширилиши лозим. Бунинг учун ҳеч бўлмаганда, эҳтимол, мен ҳатто рақам айтишдан ҳам қўрқан бўлардим… 5−10 йил ҳам етарли бўлмаслиги мумкин. Аммо, шу билан бирга, бу жуда кўп вақт талаб қилади, дейиш ҳам мумкин эмас, келинг, бу вақт келгунча кутамиз. Чоралар кўрилиши лозим.

ЮНИСEФда бундай методология мавжуд, биз хулқ-атвор меъёрлари устида ишламоқдамиз ва бу шунчаки хабардор қилиш чегараларидан чиқади. Сизнинг ресурсларингиздан фойдаланамиз, баъзи маълумотларни тақдим этамиз. Биламан, «Газета.uz»ни кўпчилик ўқишади, оммабоп манба, бироқ айни пайтда бу хабардор қилиш фаолияти жойларда, ҳамжамиятларда, маҳаллаларда биргаликда олиб борилиши лозим.

Биз аллақачон бу йўналишда дастурларни йўлга қўйганмиз. Ва биз устувор деб қарор қилган соҳалардан бири айнан болаларга нисбатан зўравонлик масалалари. Жамият етакчилари, диний етакчилар билан ишлаймиз. Адашмасам, бир йилча аввал дин ишлари бўйича қўмита ва муфтийлик билан диний етакчиларни тўғри тарғибот қилишга жалб қилиш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаган эдик. Менимча, буни онгли равишда англаб етгунимизга қадар катта натижаларга эриша олмаймиз.

ЮНИСEФ аввалги мамлакат дастурини мустақил баҳолашдан ўтказди ва хулосалардан бири шундай бўлдики, тизим даражасидаги ишлар ҳар доим ҳам болалар ёки жамоалар ҳаётидаги ўзгаришларга аниқ таъсир кўрсатавермайди. Шунинг учун биз амалга оширатган барча ишлар нафақат қонунлар қабул қилинишини тарғиб этувчи миллий миқёсдаги чоралар билан бирга олиб борилиши, балки буни жойларда амалга оширишнинг тўғри моделларини ҳам кўрсатишимиз керак. Охир-оқибат самарали натижаларни кўрсата олишимиз учун нафақат миллий ҳукуматлар билан, балки маҳаллий аҳоли, жамоалар ва ота-оналар билан ҳам ишлаш лозим.

Умуман олганда, ҳозирда методологиямиз шундайки, биз кўпроқ жойларга чиқяпмиз, ҳудудларда кўпроқ ишлаяпмиз. Маҳаллий ҳокимиятларнинг миллий ҳукуматлар билан ҳамкорликда иш олиб бориши ҳам жуда муҳим. Ва бу стратегия ҳамда ҳужжатларнинг барчаси маҳаллий режалар даражасида ҳам ўз аксини топиши лозим. Маҳалла ҳамжамиятини жалб қилган ҳолда бу борадаги ишлар тизимли давом эттирилди.

— Ўзбекистонда аёллар ва болалар аҳволини ўрганиш бўйича ўтказилган изланишларда Ўзбекистонда 2−4 ёшли болаларнинг атиги 5 фоизи оталари билан бирга вақт ўтказиш ва ривожланиш нуқтаи назаридан унинг эътиборидан баҳра олаётгани ҳақидаги маълумотлар бор эди. Нима учун шундай деб ўйлайсиз?

— Бу ерда гап қандайдир атайин юзага келтирилган сабаблар ҳақида кетяпти, деб ўйламайман. Менимча, бу маданий жиҳатлар ва ижтимоий нормалар билан боғлиқ, чунки эркаклар оиланинг асоси ва пойдевори ҳисобланади: у пул топиши, ишлаши керак. Ва шунга кўра, болани тарбиялаш функциялари аёлларнинг зиммасига юклатилади. Ва бу жараёнда биз эркаклар ҳар доим ҳам фарзандларимиз билан вақт ўтказиш ва ҳиссий алоқа қилиш муҳимлигини тўғри баҳолай олмаймиз. Чунки бола тарбияси маълум даражада иккала ота-онанинг ҳам тенг иштирокини талаб қилади.

Лекин, эҳтимол, бу тарбия масаласи бўлиши ҳам мумкин. Бизнинг мамлакатларда, шунингдек, эркакка пул топиш ва болани моддий таъминлашнинг ўзи етарли деб ҳисоблашади. Аммо, ўйлайманки, эс-ҳушли бўлишимиз биланоқ молиявий таъминотдан ташқари, тез-тез ота-оналаримиз, айниқса оталаримиз билан кўпроқ вақт ўтказиш, уларни яхшироқ танишни хоҳлаймиз, десам ҳар ким фикримга қўшилса керак.

Меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Эркаклар пул топиш учун миграция қилишади, лекин мен буни кўпроқ маданий жиҳатларга боғлайман. Бу ерда ҳам оталар фарзандлари билан вақт ўтказиш, уларга китоб ўқиш, ўйин ўйнаш ва когнитив ҳиссий ривожланиш учун пойдевор қўйиш жуда муҳимлигини тушунишлари учун ҳаракат қилишимиз керак. Инсон мияси дастлабки дастлабки йилларда шаклланганлигини исботловчи тадқиқотлар мавжуд. Ва бу ҳиссий боғлиқлик, оиладаги ижобий муҳит, болалар билан камида дам олиш кунлари, ҳар куни камида ярим соат вақт ўтказиш, бу — эҳтимол, бола ривожланишига энг катта сармоядир. Ва қайсидир маънода молиявий таъкинотдан муҳимроқ.

— Ўзбекистонда ҳозирча одамлар инклюзияси, жумладан, ногиронлиги бўлган болаларни қамраб олиш йўлида кичик қадамлар қўйилмоқда — энг қийин нарса инфратузилмада, таълим соҳасида маълум ютуқлар бор. ЮНИСEФнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ҳақида бизга айтсангиз.

— Гапни ЮНИСEФ БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш жараёнини фаол равишда илгари сурганидан бошлаган бўлардим. Бу нима учун муҳим эди? Чунки мазкур халқаро ҳужжат жамиятимизни янада инклюзив бўлишига имкон берувчи талабларни белгилаб беради. Конвенцияни ратификация қилиш орқали эса аниқ талаблар қўйилди. Ва, энг муҳими, ногиронлик, бу — ташхис эмас, балки муайян тоифадаги инсонлар учун ҳаёт нормаси деган парадигмаларни ўзгартириш талаб этилади.

Ва бу ерда жамиятда бундай одамларни камситиш ва стигматизация қилишга қарши курашиш жуда муҳим, чунки биз биламизки, тарихдан ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан ногиронлиги бўлган болалар биз учун хайрия объекти бўлиб келган. Биз уларни Одатда Янги йил арафасида ёки диний байрамларда улар ҳақда эслаб қоламиз, турли муассасаларга борамиз, ёрдам кўрсатамиз, бироқ аксарият ҳолларда уларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси ёки БМТ жаргони билан айтганимизда, ҳуқуқ эгалари сифатида кўрмаймиз, бундай тоифадаги одамларга фақатгина нафақа бериш, молиявий ёрдам ёки қандайдир таянч қўмак кўрсатиш керак, деб ҳисоблаймиз. Ва шу билан бизнинг ва давлатнинг, барчамизнинг ролимиз тугайди,

ижтимоий ҳимоя, инклюзия, мунир мамедзаде, юнисеф

Аммо бугунги кунда мазкур йўналиш биргина тузилманинг эмас, балки бутун бошли давлат аппарати, жойлардаги тузилмалар ва жамоатчиликнинг барча саъй-ҳаракатларини жиддий равишда бирлаштиришни талаб қилиши бўйича аниқ тушунчалар мавжуд. Ушбу масалалар бўйича биз ҳам фаол иштирок этаётган Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Шунингдек, БМТнинг бошқа бир қанча тузилмалари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда жумладан, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан фаол ишлаш ва ушбу масалаларни илгари суришга муваффақ бўлдик.

Бироқ, бу йўналиш ишларни прогрессив амалга оширишни ҳам талаб қилади, айниқса гап инфратузилма масалалари, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит масалалари ҳамда ногиронлиги бўлган одамлар ва болалар, бу — фақат, қўпол қилиб айтганда, ногиронлик аравачасидан фойдаланадиган инсонлар эмаслиги ҳақида кетганида. Ногиронликнинг турли шакллари мавжуд. Жисмоний ва ментал (ақлий — тарж.) ногиронлиги бўлган одамлар бор.

Ментал тоифага келсак, камситишлар жисмоний [ногиронликдан] кўра кўпроқ мавжуд. Ногиронликка шу каби ёндашувлар ёки тушунчалар сабабли биз одатда ногиронлиги бўлган болаларни ўзлаштирмайди, деб қабул қиламиз. Совет даврида ҳам бу тузилма бўлган, ҳозир ҳам кўплаб ҳолатларда ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари ҳатто ривожланишда қандайдир кечикиши бор, аммо бу ҳали ногиронлик кўриниши бўлмаган ҳолатларда ҳам болам ўқий олмайди, деб ҳисоблаб, мурожаат қилишади. Аммо ўзлаштирмайдиган болалар бўлмайди. Бу улар учун муносиб муҳит яратиш масаласи, бу жойларда механизмлар яратиш, мактабларда ишлаш, жамият билан ишлаш масаласи.

Баъзида минтақанинг бошқа мамлакатларида мактаблар имконияти чекланган болаларни қабул қилишга тайёр бўлгани, бироқ бошқа болаларнинг ота-оналари ўз фарзандларининг ногиронлиги бўлган болалар билан бирга ўқишига қарши эканини. Гарчи бу болаларнинг ўзлари учун ҳеч қандай муаммо туғдирмаса ҳам. Яъни, аслида, ҳар биримиз туғилишданоқ етарлича инклюзив бўламиз, бироқ кейин ёшимиз улғайгани сари бизда муайян стереотиплар шаклланиб, афсуски, феълимизда яққол бўй кўрсатадиган ушбу камситувчи хатти-ҳаракатларни пайдо бўлади.

Шунинг учун бу ерда зарур қарорлар қабул қилишда: мазкур масалаларни ҳал этишнинг самарали мониторинги, парламент назорати масаласи, жамоатчилик иштироки, фуқаролик позицияси ҳамда аҳоли даражасида тизимли ишлаш керак. Шу жойида болалар ҳуқуқларига риоя этилиши нуқтаи назаридан ҳам муҳимлигини таъкидлаган бўлар эдим.

Шунингдек, биз «Тўсиқлар» деб номланган ахборот кампаниясини ҳам ўтказдик. Ҳудудларга чиқдик, ўзим шахсан иштирок этдим, ногиронлиги бўлган болаларнинг ота-оналари, болаларнинг ўзлари билан суҳбатлашдик. Ва бугун эътибор талаб қиладиган жуда кўп масалалар бор эди. Ижтимоий ҳимоя агентлиги ушбу масалаларни юритувига олиб, бу борада жиддий ишлар амалга оширмоқда.

Биз аллақачон ногиронликни тиббий моделдан ижтимоий ёки ҳуқуқий моделга ўтказиш масаласида техник ёрдамни кўрсатмоқдамиз ва бунда эски советча ногиронлик тоифалари ва гуруҳларидан воз кечиб, қулай муҳит билан боғлиқ масалалар, қандай қилиб уларни жамиятнинг мустақил аъзолари бўлиши, жамиятнинг тенг ҳуқуқли вакили сифатида барча шароит ва хизматлардан фойдалана олишларига эришишимиз мумкинлигини кўпроқ кўриб чиқишимиз керак.

— Сизнингча, Ўзбекистонда мактаблардаги ўсмирлар буллинги ва кибербуллинги муаммосини ҳал қилишда тизимли ёндашув мавжудми?

— Ҳозирча бўлмаса керак. Умид қиламанки, болаларга нисбатан буллингга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниши билан буллинг, жумладан, онлайн макондаги зўравонлик зўравонликнинг бир тури сифатида белгилаб қўйилади. Ва биз буни тизимли иш даражасига ўтказа оламиз.

Ҳозиргача ишларнинг катта қисми қандайдир кампаниялар, ахборот ишлари, лойиҳавий ёндашувлар, турли тадбирлар даражасида бўлиб келган. Аммо ҳозир асосий вазифа — сиз тўғри таъкидлаганингиздек, буни тизим даражасига ўтказишдир. Умид қиламанки, ушбу қонун билан бунга эришамиз.

Шунингдек, яқин орада болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинишига умид қиламиз. Яъни, мустақил механизмлар пайдо бўлади. Фуқаролик жамияти имкониятлари мавжудлиги ёки кенгайиши билан бутун тизимни қура оламиз. Аммо бу ерда тизимли босқичга ўтиш учун болаларнинг ўзлари ва таълим муассасаларида ота-оналар ва ўқитувчилар билан ишлаш жуда муҳимдир.

— Ўзбекистонда уч йилдан кўпроқ вақт давомида нима кўпроқ эсингизда қолди? Мамлакатимиз ҳақида нималарни қайд эта оласиз?

— Бу, эҳтимол, энг қийин савол, чунки бу уч йилу уч ой ичида жуда кўп нарса содир бўлди. Аввало, Ўзбекистонда юрагимнинг бир парчасини қолдиряпман. Ўзбекистон мен учун иккинчи ватанга айланди. Бу ерда ишлаб, барча тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ОАВ кўмагини олиб, ўзимни жуда қулай ҳис қилдим.

ижтимоий ҳимоя, инклюзия, мунир мамедзаде, юнисеф

Мандатимиз анча кенг, фаолиятимиз кўлами катта ва биз биргаликда ишлаган барчанинг мақсади эзгу эканига, мақсадимиз олдинга силжиш, муаммоларни ҳал қилиш бўлганига ҳеч қачон шубҳа қилмаганман.

Шахсий нуқтаи назардан айтадиган бўлсам, ўзимни ҳайратда қолдирган асосий нарса Ўзбекистондаги одамлар бўлди, мен уларни жуда севиб қолганман. Мен озарбайжонликман, ўзимни умумий маданиятимизнинг бир қисми деб биламан. Бу борада оиламга ҳам, ўзимга ҳам ишлаш қулай эди. Шу билан бирга, ишларимиз ва мандатимизни амалга ошириш мақсадларида Ўзбекистон томони билан қандай ўзаро муносабатда бўлиш борасидаги муайян ньанслар ва ўзига хосликлар борлигини ҳам тушуниш керак.

Нима дейишим мумкин? Кўп ижобий нарсалар. Кўплаб ҳудудларда бўлдим. Албатта, мен ўзбек халқининг меҳмондўстлигини алоҳида таъкидламасдан иложим йўқ ва бу шунчаки кўр-кўроналик даражасида эмас, балки қаерга борманг, ким билан мулоқотда бўлманг, бу меҳмондўстликни чин юракдан ҳис қилишингиз мумкин.

Ўзбекистоннинг табиати, маданияти, рақси, мусиқаси менга жуда ёқади. Мен «Ялла» гуруҳи ва ўзбек мусиқасининг ашаддий мухлиси бўлиб улғайганман. Ва, таъкидлаганимдек, бу ер бутун умрга менинг иккинчи ватаним бўлиб қолади. Оилам шу ерда қолади, шунинг учун мен катта мамнуният билан меҳмон бўлиб келаман. Ҳаттоки, Ўзбекистон билан қариндошлик алоқаларим ҳам бор. Аммо лавозимни қабул қилиб олишимдан аввал бу гўзал мамлакатда бўлмаган эдим. Ва ўйланманки, келажакда фақат ижобий нарсалар хотирамда қолади.

— Миссия тугагач, қаерга кетасиз ва келажакдаги режаларингиз қандай?

— Мен минтақадаги қайноқ нуқталардан бирига кетяпман, бу — Украина. Аммо буни ҳали оммага эълон қилганим йўқ. Бироқ ҳозир номзодим қабул қилувчи давлат томонидан маъқуллангани сабабли, ўз фаолиятимни ўша ерда бошлашни режалаштиряпман. Буни биринчи бўлиб сизга эълон қиляпман.

Давлат Умаров суҳбатлашди.

Тўлиқ видеоинтервью