Адлия маслаҳатчиси Улуғбек Аслонович Хамдамов Бухоро вилояти прокурори этиб тайинланди. Бу ҳақдаги буйруқни бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев имзолади, деб хабар қилди сешанба куни Бош прокуратура матбуот хизмати.

Улуғбек Хамдамов тайинловга қадар Фарғона вилояти Қўқон шаҳри прокурори лавозимида ишлаб келган.

2021 йил январь ойидан буён вилоят прокурори лавозимида Маҳмуд Истамов ишлаб келаётган эди. У тайинловгача Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари, адлия вазири ўринбосари ва биринчи ўринбосари, шунингдек, Президент администрациясининг турли лавозимларида ишлаган.

Бухоро вилояти прокуратураси раҳбари ўзгаришидан аввал вилоятнинг Когон тумани прокурори 90 минг доллар пора олаётган вақтида қўлга олинган эди. Бу ҳақда бир неча вақт аввал Шавкат Мирзиёев маълум қилди.