Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) тадқиқотчилари Ўзбекистонда ҳожатхоналарнинг санитария талабларига қай даражада жавоб бериши борасидаги таҳлилини эълон қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ Болалар жамғармаси маълумотларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистондаги мактабларнинг 13 фоизи қўлни совун ва сув билан ювиш имконига эга бўлмаган. Мактабларнинг 83 фоизи тоза ичимлик суви, 78 фоизи эса санитария воситаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.

ПМТИ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 41 фоизи чуқур кавлама кўринишидаги ҳожатхоналардан фойдаланади, қишлоқларда бу кўрсаткич 50 фоиздан юқори. Уй хўжаликларининг фақат 16 фоизигина марказлашган оқова тизимга уланган, шаҳарда бу кўрсаткич 27 фоизни, қишлоқ жойларида 2 фоизни ташкил этмоқда.

пмти, ҳожатхона
Инфографика: ПМТИ

Кўп ўлчовли камбағаллик индекси индикаторлари бўйича аҳолининг фикрини ўрганиш жараёнида ҳожатхоналарнинг санитария талабига жавоб бермаслиги ҳақидаги индикатор аҳоли томонидан камбағаллик учун аҳамиятсиз, деб топилган.

«Албатта, барча уй хўжаликларини марказлашган оқова тизим билан қамраб олиш кўп вақт ва маблағ талаб этади. Аммо ҳозирги ҳолатда санитария талабларига жавоб бермайдиган чуқур кавламаларни вентиляция қилинадиган ва плиталар билан қопланган ҳолатга келтириш тавсия этилади. Бунда аҳолига биринчи навбатда санитариянинг инсон саломатлиги ва келажакдаги фаровонлиги учун нақадар муҳим эканлигини етказиш зарур», — дейди мутахассислар.

Сифатли санитария шароитларига эга бўлмаслик инсон саломатлигига салбий таъсир қилади, болалар орасида мактабда давоматнинг пасайишига олиб келади ва натижада таълим олиш сифати ҳам пасаяди. Инсон саломатлиги ва унинг таълим олишида тоза сув ва яхши санитария шароити қандай аҳамиятга эга эканлигини аниқлашга қаратилган тизимли тадқиқотлар ўтказилган.

Уларнинг 47 тасидан 20 тасида санитария талабига жавоб бермаслик турли юқумли касалликларга олиб келиши аниқланган бўлса, 8 тасида мактабда давоматнинг пасайишига сабаб бўлиши, 7 тасида ошқозон ичак касалликлари келиб чиқиши, 7 таси нейро-когнитив танқисликка олиб келиши илмий жиҳатдан аниқланган.

Нима қилиш керак? Ташвиқот иш бермайди, молиявий ёрдам самарали

Аҳоли орасида санитария-гигиена мавзусидаги ташвиқот ишлари сезиларли натижа бермайди. Жаҳон мамлакатларида ўтказилган тадқиқотлар натижасидан хулоса шуки, санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича ташвиқот ишлари одамлар орасида хабардорликни оширади ва ҳаракатга ундайди, аммо бу болалар орасида касалликни камайтириш учун етарли эмас.

Таъкидланишича, ташвиқот молиявий ёрдам билан таъминланган тақдирда сезиларли натижа беради. Хусусан, Бангладешда ўтказилган тадқиқотда кутилганидек ташвиқотнинг якка ўзи ва техник кўмак билан комбинацияси ҳам ҳеч қандай самара бермаган. Аммо ташвиқот ва ваучерли субсидия биргаликда уй хўжаликлари орасида ҳожатхоналар билан таъминланиш даражасининг 22 фоиз пунктга ўсишига олиб келган.

ПМТИ мутахассислари биринчи қадам сифатида, ушбу чора-тадбирларни мактабларда бошлаш ва барча санитария талабларига жавоб бермайдиган мактаб ҳожатхоналарини таъмирлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, келгусида бюджет ёки нобюджет маблағлари тақсимотида иштирок этадиган барча бўғинлар, хусусан, ташаббусли бюджет дастури доирасида аҳоли, корпоратив ижтимоий масъулият доирасида хусусий бизнес, маҳаллий кенгашлар, ҳокимликлар, мактаб раҳбарлари, хайрия жамоат фондлари вакиллари ва кўнгиллилар томонидан ушбу масаланинг аҳамияти эътибор марказида бўлиши ҳам амалий натижа беради.