Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги «Файзлиобод» маҳалласида 27 апрель куни бир хонадонда яшовчи 3 нафар фуқаро ҳовлидаги ҳожатхонадан телефонни олмоқчи бўлиб ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Darakchi сайти хабар берди, кейинроқ вилоят прокуратураси маълумотни тасдиқлади.

Darakchi хабарида айтилишича, телефони ҳожатхонага тушиб кетган уй эгаси отаси ва укасини ёрдамга чақирган. Улар ахлатхонага тушишди, шундан сўнг улар «номаълум этиологияли заҳарланиш» натижасида вафот этишди.

Прокуратуранинг маълум қилишича, уч киши «ҳеч қандай эҳтиёт чораларини кўрмасдан ҳожатхонага тушганида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида» ҳалок бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилоят прокурори С.Иматов раҳбарлигида туман прокурори А.Уралов, туман ИИБ бошлиғи А.Мўминов, туман прокуратураси терговчиси Ш.Норбўтаев ва туман ИИБнинг тезкор ходимлари томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, тегишли тартибда баённомалар расмийлаштирилган.

Туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

ПМТИ таҳлилига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 41 фоизи чуқур кавлама кўринишидаги ҳожатхоналардан фойдаланади. Экспертлар санитарияга зид бундай ҳожатхоналарни вентиляция қилинадиган ва плиталар билан қопланган ҳолга келтиришни тавсия этган.