Наманган вилоятининг Поп туманида ҳожатхона ўрасига тушиб кетган iPhone смартфонини олишга уриниш вақтида вафот этганлар сони уч нафарга етди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

Аввал хабар қилинганидек, 25 март куни 22:00 да 1986 йилда туғилган Б.Раҳматов уйи ҳовлисида жойлашган ҳожатхонасига тушиб кетган iPhone смартфонини олиш мақсадида қўшниси, шу кўчада яшовчи 1985 йилда туғилган Э.Ниязовни ёрдамга чақиради. Б.Раҳматов арқон ёрдамида ҳожатхона ичига тушган ва ҳушини йўқотган.

Э.Ниязов Б.Раҳматовни қутқариш мақсадида ҳожатхона ичига тушганида у ҳам ҳушини йўқотади. Шундан сўнг Б.Раҳматовнинг отаси, 1956 йилда туғилган Ҳ.Раҳматов уларни қутқариш мақсадида улар ортидан тушиб, ис газидан заҳарланади.

Ҳодиса жойига етиб келган ФВВ ходимлари уч эркакни ҳожатхона ўрасидан чиқариб олди. Э.Ниязов ва Б.Раҳматов заҳарланиб, воқеа жойида ҳалок бўлди. Ҳ.Раҳматов эса касалхонага ётқизилган. Бироқ Ҳ.Раҳматовга кўрсатилган тиббий муолажалаларга қарамасдан, у шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

ФВВ фуқаролардан шу каби бахтсиз ҳодисалар содир бўлганида ўзбошимчалик билан ҳаракат қилмасдан, ФВВ қутқарув хизматига зудлик билан мурожаат қилишни сўради.