Ўзбекистонлик мутахассислар Венгриядаги «Пакш-2» атом электр станциясида энергия блокларини қуриш тажрибасини ўрганади, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Бу ҳақда Тошкентда Янош Шули бошчилигидаги Венгрия делегацияси билан Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзатом» агентлиги бош директори бошчилигида энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича музокараларда маълум қилинди.

Музокаралар чоғида қурилиш ишларининг боришини батафсил ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Ўзатом» агентлиги ходимларини «Пакш-2» АЭС қурилиш майдонларига жалб қилиш тўғрисида келишувга эришилди. Хусусан, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласи, шунингдек, ўзбекистонлик абитуриентларни Будапешт техника ва иқтисодиёт фанлари университети ва «Дунауйварош» университетида тегишли йўналишлар бўйича грант асосида ўқитиш муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Венгрияда мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи атом энергияси, яъни «Пакш» АЭС билан таъминланади. «Пакш» энергия блокларини режалаштирилган ишдан чиқариш 2032 йилда бошланиши сабабли, Венгрияда ВВEР-1200 реакторлари асосида иккита энергия блокидан иборат, Россиянинг 3+авлодидаги «Пакш-2» атом электр станциясини қуриш лойиҳаси бошланди. Биринчи блокни ишга тушириш 2030 йилга режалаштирилган, бу электр энергияси ишлаб чиқаришнинг узлуксизлигини таъминлайди.