Энергетика вазирлиги ҳамда ҳокимликлар иссиқхоналарни газ ва кўмир билан узлуксиз таъминлаш кафолатини беради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни Бухорода бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда иссиқхоналар майдони 3 баробарга кўпайиб, 5,2 минг гектарга етгани, уларда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми 90 минг тоннадан 300 минг тоннага кўпайганини таъкидлади. Иссиқхоналар 150 минг аҳолини юқори даромадли иш билан банд қилмоқда.

иссиқхоналар, энергетика вазирлиги, ҳокимликлар

Президент ўтган қишдаги қаттиқ совуқдан энг кўп зарар кўрганлар қаторида иссиқхоналар эгалари ҳам борлигини айтди. Уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун Энергетика вазирлиги, вилоят ҳокимлари ва иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама шартномалар тузилиши белгиланди.

«Вазирлик вилоят ҳокимлари билан бирга ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва газ) иссиқхоналарга узлуксиз етказиб бериш кафолатини беради, иссиқхоналар эса етказиб берилган ёқилғи учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни ички бозорга ва экспортга чиқариш бўйича мажбурият олади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ихтиёрий равишда кўмирда ишлайдиган иссиқхоналарга давлат томонидан рағбатлантириш пакети жорий қилинади. Жумладан, иссиқхоналарга махсус омбор қуриш ва айланма маблағ учун 14 фоизли кредит линияси очиб берилади, иситиш қозонларини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи қоплаб берилади.

2025 йилгача рентабелли маҳсулотлар етиштиришни кенгайтириш мақсадида импорт қилинадиган гул туганаклари, пиёзбошлари ва қаламчалари божхона божидан озод этилди.

Табиий газда ишлайдиган иссиқхоналар айланма маблағларини тўлдиришга ҳам 650 млрд сўм кредит ресурслари йўналтирилади, деди Шавкат Мирзиёев. 1000 та иссиқхонанинг 2,2 трлн сўмлик кредитларини қайтариш муддати узайтириб берилади.

иссиқхоналар, энергетика вазирлиги, ҳокимликлар
Давлат раҳбари собиқ энергетика вазири, ҳозирда президент маслаҳатчиси Алишер Султоновга энергетика соҳасида ҳам топшириқлар берди. Фото: «Ўзбекистон 24».

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда 1700 гектар майдондаги иссиқхоналарда ёқилғи сифатида кўмир ишлатилмоқда, яна 300 гектарда фермер хўжаликлари кўмир ёқилғисига ўтмоқда. Вилоят ҳокимларига 1 октабргача 1 млн тонна кўмир захирасини шакллантириш ва ҳар бир ҳудудда камида биттадан кўмир сақлаш омбори қуриш бўйича топшириқ берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил октябрь ойида иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўпланганди. Президент вазиятга аралашганидан сўнг газ қайта уланган.

Президент администрацияси раҳбари иссиқхоналарни газдан узиб қўйган мутасаддилар ҳаракатини «давлат хавфсизлигига таҳдид», деб баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, газнинг атиги 1,5 фоизи тежалган, лекин экспорт ва иш ўринлари «ўлдирилган».

Февраль ойида президент айрим иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади. 2023 йилда газни тежовчи 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та завод фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.