Ўзбекистонда газ ва электр энергияси тарифлари охирги марта оширилганидан буён инфляция даражаси 66 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқармаси бошлиғи Хуршид Мустафоев сешанба куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Охирги марта аҳоли учун газ ва электр энергияси тарифлари 2019 йилнинг август ойида оширилган эди. 16 апрелдаги ҳукумат қарори билан 1 майдан энергоресурслар нархи оширилди, шунингдек, ижтимоий нормалар жорий этилди.

«Охирги 5 йилдан бери электр энергияси ва табиий газ нархлари аҳоли учун ўзгаришсиз қолди. 2021 йилда коронавирус туфайли, 2022−2023 йилларда дунёдаги геосиёсий зиддиятлар туфайли иқтисодий ва молиявий ноаниқликлар кучайиб борди. Шунинг учун аҳолимизнинг даромадлари кўпайиб, тўлов қобилиятининг яхшиланишига шароит яратиб берилди. Лекин шу даврнинг ўзида инфляция даражаси 66 фоизга ошди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун тарифларни қайта кўриш чиқиб керак бўляпти», — деди ИМВ вакили.

Хуршид Мустафоевнинг таъкидлашича, ҳозирда электр энергиясининг таннархи 1 кВт/соат учун 1000 сўм, газники эса 1 кубометр учун 2000 сўм атрофида. У корхоналарнинг операцион харажатларини, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари ва кредит тўловларини ўз ичига олади. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Энергетика вазирлиги 1 кВт/соат электр энергияси таннархи 970 сўм (2022 йил майидан +21,2 фоиз), газнинг бир кубометри эса 1890 сўм (+35 фоиз) экани ҳақида хабар берган эди.

«Лекин аҳоли учун ўзгартирилаётган тарифларни [инобатга олиб], албатта, [мамлакат] раҳбарият томонидан қатъий ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари кўзда тутиляпти. Бунда базавий меъёр жорий этиляпти, яъни ҳар битта хонадон ишлатишига қараб тўловни амалга оширади», — деди у.

Электр энергияси учун базавий меъёр ойига — 200 кВт/соатгача, газ учун мартдан октябргача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса мартдан сентябргача — 100 куб метргача, иситиш мавсумида: ноябрдан февралгача, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида эса мартдан сентябргача — 500 куб метргачани ташкил этади.

«Бунда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан қарийб 1 трлн сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағларнинг аниқ манбалари бор, ўз муддатида ҳеч қанақа кечикишларсиз ажратиб борилади», — деб ишонтирди бошқарма бошлиғи.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг аниқлик киритишича, газ ва электр энергияси тарифлари оширилиши муносабати билан Ўзбекистонда 1,5 миллионга яқин эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатилади. Камбағаллик чегараси, пенсия ва нафақа миқдорини ошириш, иситиш мавсумида 270 минг сўм миқдорида бир марталик компенсация тўлаш кўзда тутилган.

Ижтимоий меъёрни қондириш мумкинми?

2022 йилда Ўзбекистонда жами 7,3 миллион электр энергияси истеъмолчиси борлиги, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилиши маълум қилинган эди. Шу билан бирга, аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси умумий ҳажмининг атиги 31 фоизи (5,7 миллиард кВт/соат) ушбу хонадонлар ҳиссасига тўғри келади.

4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Бироқ улар умумий аҳоли истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард куб метр) ташкил қилади.

Сентябрь ойида Германияда фаолият юритаётган энергетика мутахассиси Равшан Хўжанов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида истеъмолчилар якуний нарх қандай шаклланаётгани ва давлат компаниялари уларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришда қандай фойда қўйишини кўришлари учун давлатни энергия ресурсларининг бутун таннарх занжирини ошкор қилишга чақирган эди.