«Ўзтрансгаз» энергетика компаниясининг (акцияларнинг катта қисми давлатга тегишли) Корея компаниялари олдидаги 1 миллиард долларлик дебиторлик қарзи газ тарифлари туфайли юзага келган. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Газета.uz»га берган интервьюсида маълум қилди.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси қўшма газ лойиҳаси доирасида Ўзбекистон томонининг қарзини тўлаш бўйича келишувга Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чу Кюнг Хонинг 7 сентябр куни Тошкентга ташрифи доирасида эришилган. У Тошкентга ташрифи давомида дастлаб бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев билан икки томонлама учрашув ўтказди, сўнг президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

Жанубий Корея ва Ўзбекистон 2008 йилда Устюрт газ-кимё мажмуаси лойиҳасини амалга оширишни бошлаган ва «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонасини ташкил этиб, 2016 йилда газ қазиб олишни бошлаган.

«Ўзтрансгаз» компаниясининг (чет эл компанияларидан газни экспорт нархларида сотиб олиб, ички бозорга арзонлаштирилган нархларда сотувчи) ишлаб чиқарилган газ учун Uz-Kor Gas Chemical компанияси олдида 1 миллиард доллар қарзи йиғилиб қолган. Валюта бозори либераллаштирилиб, сўмнинг долларга нисбатан расмий курси 2 баробарга қадрсизланган 2017 йилдан буён валюта тақчиллиги катта бўлишидан хавотирлар туфайли тўловлар амалга оширилмаган.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши ва Сурғил конида газ қазиб олиш лойиҳавий молиялаштириш ҳисобидан амалга оширилган, шу сабабли барча молиявий масалалар кредиторлар билан келишилган.

«Европа ва Осиёдаги етакчи банклардан иборат 14 хил халқаро банклар консорциуми мавжуд. Ва, табиийки, буни қандай қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. Чунки келишилган ва тасдиқланган маълум молиявий модель — техник-иқтисодий асослаш мавжуд. Аммо ҳаётда бошқача бўлди. Биринчидан, бу Сурғил конида ишлаб чиқаришнинг табиий қисқариши билан боғлиқ. У ерда [лойиҳа бўйича 4 миллиард куб метр газ] ўрнига 2,5 миллиард куб метр (ёки ундан кам) газ ишлаб чиқарилади. Ва табиийки, бу даромадлар ва товар газига таъсир қилди», — деди у.

Иккинчи сабаб — газ тарифлари ўртасидаги фарқ. Тарифларни босқичма-босқич ошириш режалаштирилган эди, бироқ 2019 йилдан бери ички бозордаги нархлар ўзгармади, шу сабабли бозор ва ички нархлар ўртасидаги тафовут ҳамда «Ўзтрансгаз»нинг қарзи ҳам ўсди.

Энергетика вазирининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Корея томонлари ўртасида «муроса варианти» топилган.

«Биз Ўзбекистон, қўшма корхона ва кредиторлар учун мақбул бўлган ечим топдик… Тўғрисини айтганда, бу Ўзбекистоннинг қарзи эмас. Бу қарз, компаниялар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар, бу ерда давлат [қарзни] қайта тузишга ёрдам бериш учун шунчаки жалб қилинган», — деди у.

Жўрабек Мирзамаҳмудов сўнгги тижорат келишувидан ҳали хабари йўқлигини, аммо қарз 3−5 йил ичида тўланишини кутаётганини айтди.

«Ҳажмларда ўзгаришлар бўлганини биламан… Сотиб олинган газ учун тарифлар ҳақида гаплашяпмиз. Улар газни қайта ишлаб, кейин бизга товар газини етказиб беришади. Яъни, хомашё, товар гази, хизматлар тарифларида ўзгариш бор… [Тарифларнинг режалаштирилган оширилиши] ҳозирча фақат юридик шахслар учун экани ҳисобга олинса, бу номутаносиблик қисман ёпилди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда мазкур лойиҳа бўйича ҳукуматнинг тегишли қарори тайёрланмоқда.

Uz-Kor лойиҳаси ҳақида

2008 йилнинг февраль ойида «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси ва «Kor-Uz Gas Chemical Investment» консорциуми томонидан Қорақалпоғистондаги Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш учун паритет асосда «Uz-Kor Gas Chemical» ҚК ташкил этилди. Корея компаниялари консорциумига ҳозир Кореянинг Kogas газ корпорацияси, кимёвий Lotte Chemical va GSE&R киради.

Қурилиши 2012 йилда бошланган газ-кимё мажмуасида ҳар йили 4,5 миллиард куб метр табиий газ қайта ишланиб, 4 миллиард куб метргача товар гази, 400 минг тонна турли зичликдаги полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ва 100 минг тоннага яқин пиролиз бензини ишлаб чиқариш кўзда тутилган эди. Лойиҳанинг бош пудратчилари Кореянинг Samsung Engineering, GS Engineering ва Hyundai Engineering компаниялари эди.

Умумий қиймати 4,16 миллиард доллар бўлган лойиҳа хорижий молия институтлари консорциумининг 2,5 миллиард доллар миқдоридаги кредитлари, «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонаси таъсисчиларининг ўз маблағлари (1,41 миллиард доллар), шунингдек, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ажратган кредити (100 миллион доллар) ҳисобидан амалга оширилди.

Uz-Kor Gas Chemical компанияси ишлаётган конлардаги газ захиралари 109,6 млрд куб метрга баҳоланган («Ўзбекнефтгаз» ва Россиянинг «Лукойл» компанияларидан кейин учинчи ўринда).