Ўзбекистон ва Корея Республикаси қўшма газ лойиҳаси доирасида Ўзбекистон томонининг қарзини тўлаш масаласини ҳал қилди. Бу ҳақда Жанубий Корея Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сайтида хабар берилди.

Келишувга Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чу Кюнг Хонинг 7 сентябр куни Тошкентга ташрифи доирасида эришилган. У Тошкентга ташрифи давомида дастлаб бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев билан икки томонлама учрашув ўтказди, сўнг президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

moef.go.kr.moef.go.kr.

Жанубий Корея ва Ўзбекистон 2008 йилда Устюрт газ-кимё мажмуаси лойиҳасини амалга оширишни бошлаган ва «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонасини ташкил этиб, 2016 йилда газ қазиб олишни бошлаган.

«Ўзтрансгаз» компаниясининг (чет эл компанияларидан газни экспорт нархларида сотиб олиб, ички бозорга арзонлаштирилган нархларда сотувчи) ишлаб чиқарилган газ учун Uz-Kor Gas Chemical компанияси олдида 1 миллиард доллар қарзи йиғилиб қолган. Валюта бозори либераллаштирилиб, сўмнинг долларга нисбатан расмий курси 2 баробарга қадрсизланган 2017 йилдан буён валюта тақчиллиги катта бўлишидан хавотирлар туфайли тўловлар амалга оширилмаган.

Олти йил давомида томонлар дебиторлик қарзларини тўлаш режаси бўйича келишиб олишган, бироқ лойиҳа операторлари ва кредиторлар ўртасидаги келишув туфайли режа тафсилотлари ошкор этилмаган.

2008 йилнинг февраль ойида «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси ва «Kor-Uz Gas Chemical Investment» консорциуми томонидан Қорақалпоғистондаги Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш учун паритет асосда «Uz-Kor Gas Chemical» ҚК ташкил этилди. Корея компаниялари консорциумига ҳозир Кореянинг Kogas газ корпорацияси, кимёвий Lotte Chemical va GSE&R киради.

Қурилиши 2012 йилда бошланган газ-кимё мажмуасида ҳар йили 4,5 миллиард куб метр табиий газ қайта ишланиб, 4 миллиард куб метргача товар гази, 400 минг тонна турли зичликдаги полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ва 100 минг тоннага яқин пиролиз бензини ишлаб чиқариш кўзда тутилган эди. Лойиҳанинг бош пудратчилари Кореянинг Samsung Engineering, GS Engineering ва Hyundai Engineering компаниялари эди.

Умумий қиймати 4,16 миллиард доллар бўлган лойиҳа хорижий молия институтлари консорциумининг 2,5 миллиард доллар миқдоридаги кредитлари, «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонаси таъсисчиларининг ўз маблағлари (1,41 миллиард доллар), шунингдек, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ажратган кредити (100 миллион доллар) ҳисобидан амалга оширилди.

Uz-Kor Gas Chemical компанияси ишлаётган конлардаги газ захиралари 109,6 млрд куб метрга баҳоланган («Ўзбекнефтгаз» ва Россиянинг «Лукойл» компанияларидан кейин учинчи ўринда).